12:09 / 09.05.2021
3861

Самарқанддаги анҳорга бинафша ранг сувни оқизаётган корхона маълум бўлди

2021 йил 7 май куни Самарқанд шаҳридан оқиб ўтувчи анҳорда бинафша рангли сув оққан. Аниқланишича, бу сув шаҳар ҳудудида жойлашган мато ишлаб чиқарувчи корхона томонидан оқизилган. Бу ҳақда Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар бермоқда.

Жорий йил 7 май куни Самарқанд шаҳар Чуқур йўли кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи «Чашма» ва «Сиёбча» коллекторларининг бирлашиш қисмидан бинафша рангдаги, таркибида ифлослантирувчи моддалар меъёридан ортиқча бўлган оқова сувлар оқаётгани аниқланган.

Кеча, 8 май куни Экология инспекцияси инспекторлари, тегишли ташкилотлар масъуллари ҳамкорлигида ўтказилган текширувда бинафша рангдаги оқова сувлар Самарқанд шаҳар, «Бирлик» МФЙ, Бирлик кўчаси 4-уйда жойлашган, бахмал мато ишлаб чиқарадиган «Сайёра текст» оилавий корхонаси томонидан оқизилаётгани аниқланган.

Маълум бўлишича, тўлиқ қувват билан ишлаётган мазкур оилавий корхонада ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган оқова сувлар белгиланган тартибда тозаланмасдан, тўғридан тўғри оқова сув ташлаш тармоғига ташланган.

Қайд этилишича, ҳозирда бинафша рангдаги сувнинг коллекторга оқизилиши тўлиқ бартараф этилиб, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Top