Kun.uz чет давлатларда илм олиб, муваффақиятга эришиб келаётган ватандошлар билан суҳбатларини давом эттиради, лойиҳанинг навбатдаги меҳмони тарихчи, ўқитувчи ва тадбиркор Анвар Шерматов бўлди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзи туғилиб ўсган юрти Иштихондан Берлинга кетишгача бўлган саргузаштлари, Сурия қочқинларига, болаларга немис тилини ўргатиши, ўзи очган туризм фирмаси фаолияти, Германиядаги диний таълим, муҳожирларга ўрганиш мажбур қилинган немис тили, олмон юртидаги масжидлар фаолияти, шунингдек, ватан соғинчи ҳақида ҳикоя қилди.

Иштихон – Самарқанд – Берлин. Илм излаб

Самарқанд вилояти Иштихон тумани Баҳрин қишлоғида ўсиб улғайганман. Бизнинг тумандаги мактабларда чет тили сифатида немис тили ўқитилгани менинг тақдиримда алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Чунки мактаб даврларидаёқ фан олимпиадаларида қатнашиб келганман.

Мактабни битиришимиз мустақилликнинг илк йилларига тўғри келган. Ўша вақтларда ўқишга қизиқиш жуда паст ҳисобланарди. Бунинг ўрнига ҳамма ўзини савдога, олибсотарликка урарди. Тенгдошларим орасида кўпчилиги ўзини тирикчиликка урди.

Менда эса вазият бошқача эди. Бизнес билан шуғулланаман десам, ёнига оладиган танишим йўқ, лекин олий таълимда ўқиш учун билимимга ишонардим. Самарқанд давлат университети немис филологияси йўналишига ўқишга кирдим, кейинчалик чет тиллар факультети алоҳида институт сифатида ташкил топди.

Ўқишни тамомлаб турли давлат ташкилотларида: ўша вақтдаги вилоят Маънавият ва маърифат марказида оддий ходим, қисқа вақт «Камолот» жамғармасида вилоят етакчисига ўринбосар, Самарқанд давлат Тиббиёт институти чет тиллар кафедрасида ва Самарқанд давлат Қишлоқ хўжалик институтининг чет тиллар кафедрасида немис тили ўқитувчиси бўлиб ишладим. Лекин ҳадеганда ишим юришмади, ўша вақтда ойлик маошга яшаш қийин, куним ҳамин қадар ўтар, ҳатто йўлкирага пул тополмаган вақтларим бўларди.

2000 йил ёз ойлари эди, Самарқанд давлат Чет тиллар институтида бирга ўқиган дўстларим немис филологиясини битирганлар Германия техника университети немис тили чет тили сифатида йўналишларига тил имтиҳонларисиз қабул қилинади деб айтиб қолишди. Германияга кетиш ҳазил гап эмас, виза олиш учун иқтисодий кафиллик керак бўлади.

«Камолот» жамғармасининг дастурида ҳам чет элда ўқийдиган ёшларни молиялаштириш деган йўналиш борлигини билардим. Ҳокимиятда ишлайман деб тентираб юрган вақтларим таниш орттирганим шу ерда қўл келди ва ташкилотнинг кафиллигини олишга эришдим. Кейинги босқич Германия элчихонасига бу кафиллик қабул қилинишини тушунтириш бўлди. Улар ўша вақтда фақат «Умид» жамғармасинигина тан оларди. «Камолот» республика бошқармасидан ҳам тасдиқлашгандан кейин рози бўлишган ва шундай қилиб Германиядаги саргузаштларим бошланди десам ҳам бўлади.