Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бу йигитлар ўзбеклар!» — Москвадаги ошхонада (ҳикоя)
Москва. Шеригим билан ишга кетаётган эдик. Метродан чиқиб озгина юргандик, бирданига кучли ёмғир қуйиб бошлади. Паналаб туриш учун шу яқин атрофдаги битта кичкина дўкончага кирдик.
Бу дўкон деб кирганимиз аслида, кичкинагина ошхона бўлиб, асосан, картошкадан тайёрланган егуликлар сотиладиган жой экан.
Дўкон пештоқига русчада «Картошка» дея ёзиб қўйилган. Тик туриб овқатланиб олиш имкони бор фақат. Биз фақатгина ёмғирдан бироз паналаб туриш учун киргандик, аммо ҳеч нарса сотиб олмасдан тек туравериш ноқулай, камига сотувчи қиз ўз маҳсулотларини тавсия қила бошлади кирганимиздан.
Бизга тўғри келадигани фақат шу картошка экан бу жойда. Картошкадан ташқари салатлари бор, аммо ҳаммасига чўчқа гўшти ёки ёғи аралашган. Сотувчи қизга биз бу хилдаги озиқ-овқатларни емаслигимизни, биз учун бу нарсалар ҳаром эканини айтдим. Бу дўкончада биздан ташқари икки рус кампир ҳам бор эди, ёшлари етмишдан ошиб саксонни қоралаб қолган.
Оғзи тинмасдан ўз маҳсулотларини тавсия қилиб, мақтаб турган сотувчи қизга кампирлардан бири ҳам мен айтган сўзларни айтди:
– Бу йигитлар ўзбеклар! Мусулмонлардан, улар ҳеч қачон чўчқа гўшти ейишмайди, спиртли ичимликлар ҳам ичишмайди.
Кейин менга юзланиб, Ўзбекистоннинг қаеридан эканимни сўради.
– Самарқандданмиз, – дедим, – тарихий шаҳардан, дея қўшиб қўйдим ғурурланиб.
Момо дугонаси билан бизлар ҳақимизда суҳбатлашиб кетди.
– Ёшлигимда бўлганман Самарқандда, ишим юзасидан Ўзбекистоннинг кўп шаҳар ва қишлоқларида бўлганман, одамлари жудаям меҳнаткаш, меҳмондўст, очиқкўнгил инсонлар.
Юртим ҳақида, халқим тўғрисида бегона юртда ўзга миллат вакиллари тилидан шундай илиқ сўзлар эшитиб, кўксим ғурурга тўлди, шунақа вақтда мен жим тура олармидим?
Мен ҳам суҳбатга қўшилдим, момодан қайси шаҳарларда бўлганини, нима иш билан борганини сўрадим.
Момо саволларимга жавоб бериб, бизнинг миллий таомларимизни мақтаб кетди.
Хуллас, суҳбат роса қизиб турганди. Дўконга уст-боши ёмғирда ивиган, ёши йигирма икки, йигирма бешлар атрофида бўлган икки миллатдошимиз кириб келди.
Берган саломимга алик тарзида бошини бир қимирлатиб ёнимиздан ўтган йигитлар сотувчи қизга бориб нималари борлигини сўради.
Ёнимда турган кампир худди бизга қилгандек гап бошлади яна.
– Булар ҳам мусулмонлардан, фақат картошка бер, чўчқа гўшти ейишмайди – деди.
Аммо йигитларнинг жавоби мени ерга киргизиб юборай деди.
– Бизларга фарқи йўқ, чўчқа гўшти бўлса ҳам еяверамиз, беравер, – деб турибди иржайиб.
Нафсингдан сенларни, ўзга миллат, ўзга дин вакили сени мусулмон деб, сенга нима ҳалол-у, нима ҳаромлигини айтиб турибди, очдан ўлсанг ҳам «ҳа, емайман», де!
Қизиқарли суҳбат ҳам, миллатдан фахрланиб кўтарилиб турган кайфият ҳам бир тийин бўлди.
Рус кампирлардан бири айтган сўз қулоғим остида анча вақтгача жаранглаб турди:
«Ўзбеклар ичида ҳам мусулмон бўлмаганлари бор экан-да а?»
Бахтиёр Турсун
Мавзуга оид
15:18 / 15.06.2026
Кучли ёғингарчилик туфайли Россия ҳудудларини сув босди – фотолар
13:08 / 13.05.2026
Зеленскийдан тролл-фармон, «музлаган» фронт: урушда нима гап?
18:34 / 07.05.2026
Бу йил Москвадаги Ғалаба парадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қатнашмайди
20:39 / 27.04.2026