Жаҳон | 09:16 / 11.05.2021
11905
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда Ганг дарёси бўйида коронавирус қурбонларининг ўнлаб жасади топилди

Фото: Getty Images

Ҳиндистоннинг Бихар штатида Ганг дарёси бўйида 30 кишининг жасади топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу жасадлар коронавирусдан вафот этган одамларники бўлиши мумкин.

The Times of India нашрининг хабар беришича, жасадлар кремациялаш қимматлик қилгани сабабли вафот этганларнинг яқинлари томонидан дарёга оқизиб юборилган бўлиши эҳтимоли бор.

Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, улар дарёда 100дан 150гача жасадни кўришган. Бихар маъмурияти 30 жасад топилганини тасдиқлаган. Жасадларнинг аксарияти бир неча кун аввал қўшни Уттар-Прадеш штатида дарёга ташланган ва оқим билан олиб келинган бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, жасадларнинг баъзилари шишиб кетган, қисман ёнган ва сувда бир неча кун қолиб кетган ҳолда бўлган.

Ҳиндуийлик анъаналарига кўра, марҳум билан видолашиш антешти маросими жасадни гулханда ёқишни талаб қилади. Ҳиндуийлар олов марҳумнинг руҳини осмонга кўтариши ва марҳум у ерда қайта туғилишига ишонишади. Маросим бундан хабардор одамлар — браҳманлар томонидан ўтказилади. Бироқ коронавирусдан вафот этганлар ҳолатида ушбу маросимни ўтказиш анча қимматга тушмоқда, чунки жасадни муайян жойда ёқиш талаб этилади ва браҳманлар вазиятдан фойдаланиб, ўз хизматлари учун кўпроқ ҳақ сўрамоқда. Ночор одамлар учун ҳаттоки гулхан ёқиш учун ўтин сотиб олиш ҳам қимматлик қилади. 

Марҳум кремация қилингандан кейин унинг хоки дарёга оқизиб юборилади. Бунда хокни ҳиндларда муқаддас ҳисобланувчи Ганг дарёсига оқизиш афзал кўрилади. Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, ночор оилалар марҳум билан видолашиш маросимини ўтказишга маблағлари йўқлиги сабабли Гангнинг муқаддас сувлари марҳумни поклаб, у барибир яхши ҳолатда қайта туғилишига ишониб, жасадни Гангга ташлашади.

Таъкидланишича, Ганг бўйида топилган жасадларни кремация қилиш штат маъмурияти ҳисобидан амалга оширилади. Буксар округ судьяси Аман Самир жасадларни дарёга ташлаётганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишидан огоҳлантирган.

Ҳиндистонда коронавирус билан боғлиқ вазият апрел ойида кескин ёмонлашди. Айни вақтда мамлакат коронавирус билан касалланганлар сони бўйича АҚШдан кейин 2-ўринни эгалламоқда. Расмий статистикага кўра, охирги кунларда мамлакатда кунига 4 мингга яқин одам вирусдан вафот этмоқда. Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, кунлик ўлим кўрсаткичлари бир неча марта юқорироқ бўлиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид