Кейинги йилларда муаммонинг халқаро янгиликлар кун тартибидан тушиб қолгани унинг ҳал қилинганини англатмасди. Икки ўртада ўзгармай қолаётган муаммолар сабаб туғилган нафрат ва ғазаб пўртанаси йиллар давомида, ҳатто бутун бошли авлодларнинг умри мобайнида зўравонлик ва ўлим тегирмонига сув қуйиб келмоқда.

100 йилдан ортиқ вақт давомида яҳудийлар ва араблар Иордан дарёси ва Ўрта Ер денгизи оралиғидаги ерларда ҳукмронлик қилиш учун курашиб келади. 1948 йилда ташкил топганидан бери Исроил фаластинликларни бир неча бор оғир мағлубиятларга дучор қилди, аммо узил-кесил ғалабага эриша олмади.

Шу нарса аниқки, то можаро давом этар экан, иккала томон ҳам ўзини хавфсиз ва хотиржам ҳис қила олмайди. Муқаррар бўлиб турган нарса ҳам шу – содир бўлаётган воқеалар ривожи янада жиддий оқибатларга олиб келувчи янги инқирознинг туғилишига сабаб бўлади.

Қуддуснинг аҳамияти

Цикл кўпроқ сўнгги 15 йил ичида Исроил ва Ғазо секторини ажратиб турувчи чегарага боғлиқ ҳолда такрорланмоқда.

Содир бўлган сўнгги воқеалар Қуддус ва муқаддас жойлардаги зиддиятнинг мисли кўрилмаган зўравонликка айланиб кетиш эҳтимоли қанчалар юқори эканлигини яна бир бор эсга солмоқда.

Шаҳарнинг христианлар, яҳудийлар ва мусулмонлар учун муқаддас саналиши фақат диний асослар билангина боғлиқ эмас. Яҳудий ва мусулмонларнинг муқаддас ерлари айни пайтда иккала томоннинг ҳам миллий рамзларини ташкил этади.

Географик нуқтайи назардан эса бу жойлар том маънода бир-бирига яқин.

Исо пайғамбарнинг қабри деб билунувчи ва насроний фаластинликлар учун ҳам жуда муҳим бўлган Муқаддас қабристон черкови Исроил назорат пунктининг ортида жойлашган.

Таъсир қилувчи омиллар

Воқеаларни қўзғатган омиллардан бири баъзи фаластинлик оилаларнинг Исроил истилоси остидаги Фаластин ерлари ҳисобланувчи Шарқий Қуддуснинг эски шаҳар деворлари ташқарисида жойлашган Шайх Жарроҳ маҳалласидаги ерлари ва уйларидан чиқариб юборилиш таҳдиди остида қолганидир.