Ўтган йиллар давомида ўн минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган Араб-Исроил уруши гоҳ сусайиб, гоҳ авж олади, аммо ҳеч қачон буткул тўхтамайди.

БМТ, дунёнинг глобал лидер давлатлари ҳар доимгидек бу ҳолатдан ташвишда эканлигини билдиради, маслаҳатлашувлар ўтказади, аммо Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарога барҳам берилмайди.

Улар нега бир-бирларини бунчалик ёмон кўришади? Нима учун бутун дунё бу низонинг барчани қаноатлантирадиган ечимини тополмайди?

Ўзаро муносабатларнинг кескинлашуви

Араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги алоқаларнинг жиддий кескинлашув тарихи 1947 йилнинг 29 ноябрь санасига бориб тақалади. БМТнинг махсус қўмитаси Фаластинда икки давлат: ҳам араб, ҳам яҳудий давлатини тузиш бўйича қарор қабул қилди. 1948 йилнинг 14 май санасида мустақил Исроил давлати ташкил топгани эълон қилинди, аммо Фаластин араб давлати тузилмай қолди. Натижада бир қанча араб давлатлари Исроилга қарши уруш очади. Айнан шу воқеалар фонида ҳозирга қадар ҳал қилинмай келинаётган араб–яҳудий низоси юзага келади. Ўтган 70 йилдан ошиқ вақт давомида олиб борилган урушлар, музокараларнинг ҳеч қайсиси тўлалигича тинчлик тикланишига олиб келмади.

Қуйида бугунги Араб-Исроил муносабатларида уруш ва ихтилофларга сабаб бўлаётган асосий муаммолар кўриб чиқилади.

Биринчи муаммо: Қуддусни ким назорат қилиши

Тарихий жиҳатдан мусулмонлар учун ҳам, яҳудийлар учун ҳам муҳим бўлган Қуддус шаҳри мақоми Исроил ва Фаластин ўртасидаги барча музокараларда ўтиб бўлмас тўсиқ бўлиб қолмоқда. Исроил 1980 йилда Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб эълон қилган. Жаҳон ҳамжамияти эса бу қарорни ноқонуний деб ҳисоблашга чақириб келади. Айниқса, бу масала Дональд Трампнинг президентлиги даврида янада кескинлашди. Дастлаб Трампнинг Америка элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришга қарор қилгани оммавий намойишлар ва ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди. Кейинчалик у Исроилнинг пойтахти «бўлинмас» Қуддус шаҳрида бўлишини тақозо этадиган, шунингдек, Фаластин давлатининг пойтахти ҳам шарқий Қуддуснинг шарқий қисмида бўлишини кўзда тутувчи ўзининг «Аср келишув»ини таклиф қилди, аммо Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос «Қуддус сотилмаслиги»ни ҳамда Трамп ва Нетаньяҳунинг келишуви Фаластин халқи «тарихнинг чиқинди челагига улоқтириши»ни таъкидлаган.

Бу борадаги Исроил билан низони ҳал қилиш борасидаги музокараларда Фаластин томони «1967 йилгача» бўлган чегараларга қайтишни талаб қилиб келади. Муаммо шундаки, 1967 йилгача Қуддус тўлалигича Исроилга тегишли бўлмаган.

Масаланинг жуда ҳам нозик жиҳат ҳисобланмиш диний таомилларга бориб тақалиши доимий музокаралар жараёнларини боши берк кўчага олиб киради