Сурхондарёлик блогер, коррупцияни танқид қилиб келган Отабек Сатторий туҳмат ва товламачиликда айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
«Сатторий иши» ўзбек жамоатчилиги ва жаҳон ОAВларида, хусусан, ҳуқуқ фаоллари томонидан қизғин муҳокама қилинди.
AҚШдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон ҳукуматидан Сатторийни дарҳол озод қилишни сўради.
«Ўзбекистон ҳукумати Отабек Сатторийни зудлик билан озод қилиши, унинг фаолиятига қаршилик қилмаслиги, у ва бошқа журналистларнинг жазоланишдан қўрқмасдан, эркин ишлашига имкон бериши керак.
4 май куни бўлиб ўтган судда Сатторийнинг адвокатлари прокуратура товламачиликни исботловчи моддий далиллар келтира олмагани, улар фақат даъвогарлар ва ишда манфаатдор бўлган бошқа шахсларнинг кўрсатмаларига асосланганини таъкидлади.
Қўмита изоҳ олиш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, «Ҳудудгазтаъминот», Термиз ва Сурхондарё ҳокимликларига электрон почта орқали хабар юборди, аммо жавоб ололмади», – дейилади қўмита ахборотида.
Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилоти ҳукмни Ўзбекистондаги сўз эркинлигига нисбатан зарба деб атади.
«Маҳаллий амалдорларнинг эҳтимолий коррупцияси бўйича суриштирувлар ўтказган мустақил блогерни қамоққа олиш ҳақида Ўзбекистон суди чиқарган қарор – адолатсиз ҳукм ва Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган зарба.
[...] Ўзбекистоннинг ҳамкорлари, хусусан АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда унга аъзо давлатлардан Германия ва Бирлашган Қироллик кабилар ўзбек расмийларини Сатторийни озод қилишга ва сўз эркинлигини ҳимоялашга чақириши лозим», – дейилади Human Rights Watch баёнотида.
HRW'нинг эслатишича, Европа Иттифоқи яқинда Ўзбекистонга GSP+ схемаси бўйича савдо имтиёзларини тақдим этган, бу билан эса расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари, хусусан сўз эркинлигини таъминлаш мажбуриятини олган.

















