Жаҳон | 12:30 / 17.05.2021
24168
2 дақиқада ўқилади

Ганг дарёси бўйида кўмилган юзлаб жасадлар аниқланди

Фото: AP

Ҳиндистонда Ганг дарёси бўйида кўмилган юзлаб жасадлар аниқланди. Расмийларнинг фикрича, улар коронавирус қурбонларига тегишли бўлиши мумкин.

Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, 15 май куни Уттар-Прадеш штатининг Праяграж шаҳрида 300та жасад топилган. Эътиборлиси, ҳар бир қабр зарғалдоқ, сариқ ёки қизил мато билан ёпилган бўлган. Таъкидланишича, воқеа жойида бўлган полициячилар дарё бўйига юк машинасида олиб келинган аёл жасадини кўмишга қаршилик кўрсатишмаган.

Полиция зобити Кумар Сингх қабрлар топилган ҳудуд коронавирус қурбонлари кремация қилиниш жойи сифатида белгилангани ва фуқароларга Ганг бўйида жасадларни кўмиш тақиқланишини маълум қилган.

Штат расмий вакили Навнит Сегалнинг таъкидлашича, маҳаллий аҳоли вафот этган яқинларидан шу тариқа қутулмоқда ёки уларни ҳиндлар учун муқаддас ҳисобланувчи дарё бўйига дафн қилишмоқда. Унинг фикрича, жасадларнинг коронавирусга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

10 май куни Ганг сувларида ўнлаб жасадлар аниқланганди. Тахминларга кўра, жасадлар коронавирус қурбонларига тегишли бўлган. Уттар-Прадеш билан чегарадош Бихар штатида дарёда камида 30та жасад аниқланганди. Баъзи гувоҳларнинг таъкидлашича, улар дарёда 100–150та жасадни кўришган. Тахминлардан бирига кўра, дарёга жасадларни уларни кремация қилиш учун пули йўқ бўлган маҳаллий қишлоқлар аҳолиси оқизиб юборган. Шундан кейин расмийлар Гангга жасадлар ташланишини дарҳол тўхтатишни талаб қилишган.

Ҳиндистонда охирги ҳафталарда коронавирус билан боғлиқ вазият ўта оғирлашган ва ҳукумат бор кучи билан вазиятни ўнглашга ҳаракат қилмоқда. Мамлакатнинг иккита йирик штати – умумий аҳолиси 358 млн кишини ташкил қилувчи Уттар-Прадеш ва Бихар коронавирусдан энг кўп азият чекмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид