Ўзбекистон | 12:20 / 17.05.2021
61991
2 дақиқада ўқилади

Президент матбуот котиби Исроил-Фаластин зиддияти бўйича Ўзбекистон позициясини билдирди

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун ўтказилган анъанавий брифингда Исроил-Фаластин зиддиятига оид Ўзбекистон расмий позициясини билдирди.

Фото: AFP

Тадбирда иштирок этган журналист Жаҳонгир Олимов “Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан мулоқот қилди. Унда Яқин Шарқ масаласи ҳам муҳокама қилинди. Умуман, Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси қандай?” дея савол берди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов саволга қуйидагича жавоб берди:

“Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазият кескин тус олишидан жуда ҳам хавотирда. Буни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, томонлар зўравонликка чек қўйиши, қон тўкилишини дарҳол тўхтатиши ва бу борада ҳамма имкониятларини сафарбар қилиши керак, деб ўйлаймиз. 

Бундан ташқари, Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлиги статус-квогача бўлган ҳолатга қайтиши ва тикланиши керак, деб биламиз. Умуман олганда, Фаластин-Исроил муаммоси халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида, хусусан, Бирлашган миллатлар ташкилотининг тегишли резолюциялари ҳамда биз кўп йиллардан буён қўллаб-қувватлаб келаётган икки халқ учун икки давлат тамойили остида ечилиши керак”.

Мавзуга оид