Қайд этилишича, агентликка 2020 йил давомида яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш ҳолатлари бўйича 157та мурожаат келиб тушган, ушбу мурожаатларда муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари истеъмолчилар томонидан харид қилингани аниқланган. Ҳолатларнинг катта қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига (94та) тўғри келади. 2021 йилнинг 1-чораги давомида эса мазкур масала бўйича 54та мурожаат истеъмолчилар томонидан йўлланган.

“Аксарият ҳолларда истеъмолчилар баъзи инсофсиз сотувчилар томонидан, муддати ўтган маҳсулотларга “иккинчи ҳаёт” бериш орқали турли хил ҳийлаларни ишлатишга ҳаракат қилишига дуч келмоқда. Истеъмолга яроқсиз маҳсулотни “ўтказиш” йўллари кўп, энг осони – уларни ўз вақтида расталардан олмаслик. Кўп ҳолларда эътиборсиз истеъмолчи товар муддатига аҳамият бермайди, шошган ҳолда товар харид қилади. Яна бир кенг тарқалган йўли бу - товар маркировкасини, уни қайтадан (устидан) ёпиштириш, ўчириш, бошқатдан маркировкалаш орқали ўзгартириш ҳисобига товарларни сотувга чиқариш ҳисобланади”, дейилади агентлик хабарида.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 11-моддасига кўра, сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилиши белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасида истеъмолчиларга била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан товар истеъмолига оид хусусиятлар ёки сифати хусусида чалғитиш туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик –ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ўрнатилган.

Қонунбузарларга нисбатан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан иш қўзғатилади ва натижалари бўйича кўрсатма берилади. Амалиётда мазкур жараён бир неча ойларга чўзилиши ҳамда инсофсиз тадбиркорлар билан курашишда ўз самарасини бермаётгани кузатилмоқда. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” қонунда ҳам бундай қонунбузилиш ҳолатларини амалга оширган тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий жавобгарлик (жарима) кўзда тутилган, молиявий санкциялар қўллаш амалиёти мавжуд эмас.