Ўзбекистон | 11:23 / 22.05.2021
1901
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда ўтказилган оммавий қабулларда 35 маҳкум муддатидан олдин озод қилинди

19-21 май кунлари Хоразм вилоятида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида, президент администрацияси, Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида оммавий қабуллар ўтказилди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов томонидан 548 нафар фуқаро қабул қилинди. Уларнинг 207таси жиноят ишлари бўйича, 276таси фуқаролик ишлар бўйича, 57таси маъмурий ишлар бўйича, 8таси иқтисодий ишлар бўйича мурожаат этди. 194та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 280та мурожаат ижобий ҳал этилиб, ариза қаноатлантирилди. 74та ариза Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди ва тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 35 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди, 1 нафар шахс суд залида қамоқдан озод этилди, 89 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 65 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш, 12 нафар шахсга нисбатан иш ҳақини ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 3 нафар шахсга нисбатан моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақида, 18 нафар шахсга нисбатан қарз ундириш тўғрисида ҳамда 1 нафар шахснинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризалари қаноатлантирилди. Тарафлар ярашгани ва даъвогар даъвосидан воз кечгани сабабли никоҳдан ажратиш ҳақидаги 7та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди, 10та алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи бекор қилинди.

Иқтисодий судлар томонидан 43та иш суд мажлисларида кўрилиб, шундан даъвогар тадбиркорлар фойдасига жами 6,9 млрд сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди.

Республика бюджетига 20,5 млн сўм давлат божи ихтиёрий равишда тўланган бўлса, суд қарорларига асосан 154 млн ундирилиши белгиланди.

Туманлараро иқтисодий судлари томонидан тадбиркорларнинг даъвогарлигида 2 млрд сўмлик 12та даъво ариза кўриб чиқилиб, 1,8 млрд сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди.

Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясида хорижий корхона (чет эл инвестори) даъвогарлигида даъво суммаси 44,3 минг АҚШ доллари бўлган даъво ариза кўриб чиқилиб, даъвогар фойдасига тўлиқ ундирилди.

Мавзуга оид