Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Чала» канализация тозаланди, лекин тизимга уланмади ёхуд прокуратура ушбу ҳолатга нима дейди?
Қашқадарё вилоят «Сувтаъминот» корхонаси ахборот хизмати Kun.uz'да эълон қилинган «Шаҳрисабзда 2015 йилда қурилган кўп қаватли уй ҳамон канализацияга уланмаган» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.
«Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими ишчи гуруҳи томонидан жойида ўрганиш олиб борилган. Ўрганиш натижаларига кўра, юқорида айтиб ўтилган уйлардан чиқувчи канализация тармоқларини эксплуатация қилиш тармоқлари «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖнинг Шаҳрисабз шаҳар сув таъминоти бўлими балансига ўтказилмаганлиги ва қурилиш ишлари, қурилиш ташкилоти томонидан охирига етказилмаганлиги аниқланган.
Ушбу юқоридаги ҳолатларга қарамасдан, Шаҳрисабз шаҳар сув таъминоти бўлими ишчи гуруҳи, «Тутзор» МФЙ, Ипак йўли кўчасидаги 302-304 кўп қаватли уйларнинг ёнида ўрнатилган КНС иншоотидаги насос агрегатида носоз ҳолатга келиб қолган электр қурилмалари ва бошқарув қурилмасидаги автомат (пускателлар) янгисига алмаштирди, насос агрегати автокран ёрдамида кўтарилиб, сўрувчи фильтр қисмига тиқилган чиқиндилардан тозалаш ишлари бажарилган. Натижада, канализация тармоғида юзага келаётган носозликка вақтинча барҳам берилган.
Ушбу мақолага Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати ҳам муносабат билдирди. Муносабатида 28 апрель куни муаммо бартараф этилган, бугунга келиб фақат текширув ўтказилгани қайд этилган.
Юқоридаги мақола юзасидан айрим саволларга жавоб берилмаган:
Қурилиш иши тўла якунланмаган кўп қаватли уйлар нега ва ким томонидан қабул қилинган?
Қурувчи камчиликка йўл қўйгани ва аҳолини алдагани учун прокуратура органлари жиноят иши очганми ёки йўқ?
Кўп қаватли уйларни канализацияси қачон тўлиқ якунланади?
Ушбу муаммо ҳал этилиши учун аҳоли яна давлат дастурини кутадими? Нега бир иш учун икки марта тўлаш керак?
П/С: Ушбу муаммони нафақат «Сувтаъминот» корхонаси, балки тегишлилигига кўра, ҳокимлик, прокуратура органлари ҳам ўрганиши мақсадга мувофиқ. Зеро, айбдор қонун олдида жавоб бериши керак.