Ўзбекистон | 11:46 / 24.05.2021
19244
5 дақиқада ўқилади

KUN.UZ’га видео жўнатинг ва пул мукофотига эга бўлинг — мухлислар учун танлов

KUN.UZ сайти ўз муштарийларини ижодий ҳамкорликка чорлайди. Бунинг учун ўз мобил телефонингизда туширилган видео ва фото материалларни Телеграм мессенжерида @kunuzvideo_bot орқали таҳририятга жўнатишингиз мумкин.

Қуйида KUN.UZ таҳририятига жўнатиладиган видео ва фотолар қандай туширилиши ва жўнатилиши кераклиги борасидаги айрим саволларга жавоблар келтирилади.

1-САВОЛ: KUN.UZга қандай видео ва фотоларни жўнатса бўлади?

1. Айтайлик, сиз бирор кутилмаган ҳодисага дуч келдингиз. Бошқаларга ноқулайлик туғдирмайдиган бўлса, уни тасвирга олинг.

2. Табиий офатлар (сел, тошқин, дўл ва ҳоказо) ва кўпчиликка зарари теккан бахтсиз ҳодисалар (ёнғин ва ҳ.к.)ни жўнатишингиз мумкин (Даҳшатли автоҳалокатларни тушириш ва жўнатиш тавсия этилмайди).

3. Тезроқ бартараф этилиши кўпчиликка фойдали бўлган техноген ҳодисалар (автойўллардаги йўл чўкиши, қувурларнинг ёрилиши ва ҳоказо) кабиларни жўнатинг.

Видео ё фото муаллифи ўзингиз ёки сиз шахсан танийдиган яқинларингиз бўлиши мумкин. Яъни видео ва фотоматериал «тоза» ва ишончли бўлиши шарт. Видео бошқа каналлардан ёки ижтимоий тармоқлардан олинган, устига турли каналларнинг рекламаси ёки логоси қўйилган бўлса — материалдан фойдаланилмайди.

2-САВОЛ: Қандай тасвирга тушириш керак?

1. Тасвирга олишда телефонни қийшайтирмасдан, уни тик ёки ётиқ ҳолда ушлаб, съёмка қилиш керак бўлади.

Телефонда тасвир олиш усуллари

2.  Кадрларни қимирлатмасдан, шошмасдан сокинлик билан олиш керак.

2. Видеотасвир сифатли бўлишига эътибор қаратинг. Имкон қадар ботга уни видео эмас, файл шаклида юкланг.

4. Видеони туширишда муаллиф нима бўлаётганини тушунтириб шарҳлаши ҳам мумкин. Фақат уятли сўзлардан фойдаланмаслик керак.

5. Агар эплай олсангиз, бўлаётган воқеа иштирокчиларидан фикр сўраш ҳам мумкин. Бу эса жўнатган видеонгиз эълон қилиниши имкониятини кескин оширади.

6. Видео хронометражи узун бўлмаслиги лозим. Энг камида 20 сония (секунд) ва кўпи билан 3 дақиқа (минут) бўлиши талаб этилади.

‼️ Унутмаслик керакки, видеоматериал энг аввало сифатли съёмка қилиниши керак.

Кадрда ёруғлик ўйнамаслиги учун, тасвирга олишдан аввал телефонингиз экранига бармоғингизни босиб туриб, автофокус ва экспозицияни қотиринг. Овоз яхши ёзилиши керак. Кадрлар қийшиқ туширилган ва кескин алмашмаслиги лозим.

Автофокус ва экспозицияни қотириш

3-САВОЛ: Видеони қандай қилиб жўнатиш керак?

1. Туширилган видеолар ва фотолар фақат @kunuzvideo_bot орқали жўнатилади ва қабул қилинади.

2. Ботда сиз билан алоқа қилиб туришимиз учун саволларга имкон қадар аниқ жавоб беришингиз керак. Агар видеонинг ўзида тасвирланаётган воқеага оғзаки изоҳ бўлмаса, мумкин қадар изоҳни бот орқали ёзма равишда ифодаланг.

Юборилаётган фотоларда нималар ва кимлар тасвирлангани, воқеага изоҳ бўлиши шарт.

3. Агар сиз учун бу муҳим бўлса — анонимлик таъминланади. Яъни ўзингиз юборган видео туфайли сизга қандайдир босим уюштирилиши мумкин бўлса — шахсингизни ошкор этмасликни талаб қилишингиз мумкин (Бу айниқса кадрда тасвирланган шахсларга интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин бўлган видеотасвирларга тегишли).

4-САВОЛ: Видео ва фотоларга қандай пул тўланади?

1. Видео дастлаб Kun.uz’нинг ўша вилоятга тегишли ҳудудий телеграм каналида ва TikTok ижтимоий тармоғида монтаж қилиб узатилади. Каналда эълон қилинган видеоларнинг ҳар бири учун ой якунларига кўра 50 минг сўм тўлаб берилади.

(Хориждаги юртдошларимиз ҳам видео жўнатишлари мумкин. Агар видео маъқул топилса ва эълон қилинса, тўлов уларнинг Ўзбекистондаги банклардан бирида очилган (UzCard ёки Humo) картасига ёки у тавсия қилган шахснинг картасига ўтказиб берилади).

2. Ой якунига кўра маҳаллий каналда энг кўп кўрилган ва энг кўп улашилган учта видеоматериалнинг ҳар бири учун яна қўшимча 50 минг сўм бонус тўланади.

3. ЮБОРИЛГАН ВА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН БАРЧА ФОТОСУРАТЛАР УЧУН ПУЛ ТЎЛАНМАЙДИ! Жўнатилган фотоматериал бирор қизиқарли, шов-шув келтириб чиқарадиган воқеа ёки ҳодисани ифода этган, ўта эксклюзив ҳамда мобил мухбирнинг ўзи туширгани аниқ бўлса, агар у кўплаб кўришлар ва улашишлар ҳосил қилсагина уларга 50 минг сўм пул ва бонуслар тўланади.

ЁДДА ТУТИНГ: Сиз ўз ихтиёрингиз билан бот орқали бизга эксклюзив тарзда тақдим этган видеоматериалингиз эълон қилингач, унинг учун пул тўланади ва Kun.uz логотипи қўйилади. Видеонинг «тоза» версиясини бошқа жойга жўнатмаслигингиз керак. Видео бошқа телеграм каналларга ҳам жўнатилган тақдирда уларга пул тўланмайди.

KUN.UZ билан ҳамкорлигингиз учун олдиндан ташаккур билдирамиз. Ижодий изланишларингизда омад ва муваффақият ёр бўлишини тилаймиз.

Мавзуга оид