Kun.uz мухбири мурожаат йўлланган манзилда бўлиб, маҳалла аҳли билан суҳбатлашди. Мурожаатда кўрсатиб ўтилган ҳолатлар билан яқиндан танишди.

Энг асосий муаммо – маҳалла бир неча йилдан буён ичимлик сувини бир неча километр масофадан ташиб келади.

Маҳалла оқсоқоли Зиёвуддин Каримов қишлоқдаги муаммолар ҳақида сўзлаб берди.

Зиёвуддин Каримов, маҳалла оқсоқоли

«Ички йўлларимиз талаб даражасида эмас. Айниқса, қиш кунлари бу йўллар туфайли азият чекамиз. Маҳалла аҳли пул тўплаб кўчага шағал тўктирганмиз. Маҳалла оқсоқоли этиб сайланганимга 7 йил бўлган бўлса, бу масалаларда раҳбарлар ёнига ёрдам сўраб бир неча марта кирганман. Лекин натижа йўқ.

Яна бир асосий муаммолардан бири — электр токи. Симёғочларни ўз маблағимиз ҳисобидан, ҳашар йўли билан ўрнатганмиз. Шамол бўлса бирор кишининг бошига ёғоч синиб ёки сим узилиб тушиб кетмасмикан, деб юрак ҳовучлаб ўтирамиз. Октябр ойи келди дегунча электр токи кучи пастлаб кетади. Чироқлар базўр ёнади.

Сув муаммоси эса маҳалладаги энг оғриқли масала бўлиб турибди. Сув таъминоти корхонаси мутасаддиларига 4 йилдан буён сув чиқариб беришларини илтимос қилиб келамиз. Лекин натижа бўлмаяпти. Улар «пулини қачон тўласанг кейин сув чиқариб берамиз», дейишади. Лекин йўқ сувга ким ҳам пул беради? Сувни узоқдан ташиб келамиз. Тушликдан кейин сувга турнақатор навбат бўлиб кетади. Тегишли жойларга борсак эртага бўлади, индинга бўлади, деб қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келишяпти», — дейди Зиёвуддин Каримов.

Маҳалла фаоли Зуҳриддин Аҳмедов маҳалла аҳли сувсизликдан қийналиб кетса ҳам масъуллар учун бир тийинлик қизиғи йўқлигидан ёзғириб қолди.