Жаҳон | 17:14 / 27.05.2021
18293
4 дақиқада ўқилади

Лукашенко Байденни Минскка таклиф қилиб, унинг лайнерини қирувчи самолётлар билан ҳимоя қилишга сўз берди

Беларусь президенти Александр Лукашенко АҚШ ҳамда Россия президентлари Швейцариядаги учрашув вақтида Беларусь мавзусини ҳам муҳокама қилишига муносабат билдирди. Бу ҳақда парламент аъзолари билан учрашувда гапирган Лукашенко президентларни Минскда учрашишга таклиф қилди ва истеҳзо тариқасида Байденнинг лайнерини қирувчи самолётлар билан ҳимоялашга сўз берди.

«Байден ва Путин учрашувида кўп мавзулар қаторида Украина ҳамда Беларусь ҳам муҳокама қилинаркан. Марҳамат, бемалол гаплашаверишсин. Айтайлик, биз жума куни Путин билан Американи муҳокама қиламиз (Путин ва Лукашенко 28 май куни Сочида учрашади). Бир нарсани тушунмаяпман, Путин-ку майли, вазиятдан хабардор, лекин Байден нима деркин Беларусь ҳақида? Унинг бизда нималар бўлганидан хабари йўқ-ку? Умид қиламан, унга (Байденга) учрашувдан аввал дунё харитасини беришади ва у Беларусь қаерда жойлашганини кўриб олади.

Ҳозир ҳамманинг олдида уларни Минскка таклиф қиламан. Марҳамат, Беларусни муҳокама қилмоқчи бўлишса, келиб, шу ерда гаплашишсин. Биргаликда барчасини муҳокама қиламиз. Сўз бераман, биз ҳақимизда айтиладиган ва Псаки (АҚШ президенти матбуот котиби) Байденга киритиб берадиган барча сафсаталарни ҳам эшитишга ҳам тайёрман. Келишсин, мен уларни муносиб кутиб олай. Лекин Швейцарияда туриб олиб Беларусни муҳокама қилиш бўлмағур иш.

Путин-ку Минскка жон деб келади, марҳамат, Байден ҳам келсин. Уларнинг учрашувида Путин нима дейишини биламан, чунки у ўзаро телефон суҳбатида Беларусь ҳақида нима деганини биламан (Песков Путин АҚШ президенти билан суҳбатда Беларусь ҳақида нима деганини Лукашенкога айтганини тасдиқлади).

Балки, [Байден] бу ерга келиши у учун таваккал бўлар. Ахир биз йўқ жойдан самолётни тўхтатиб, қўндиришимиз мумкин. Келсин, исталган қўниш йўлакчасини очиб берамиз. Сўз бераман, қирувчи самолётларни учириб, Швейцария чегарасидан бошлаб қўриқлаб келамиз. Учта қирувчи бўлади, икки ёндан ва орқадан. Хоҳласа, пастдан ҳам битта самолёт қўшиб берамиз, агар пастда кимдир ПЗРКдан (кўчирилувчи зенит ракета қурилмаси) самолётни нишонга олаётган бўлса, бизнинг қирувчи самолёт уни хавфсиз тарзда қўниш йўлакчасигача олиб келади.

Туркияга уюштирган бир сафарим ҳеч хаёлимдан кўтарилмайди. У вақтда ҳали Эрдўған президент эмасди. Самолётимиз кетяпти, ёнимизда иккита F-16 қирувчи самолёти учмоқда. Ҳайрон қолдим ва кейин билсам, уларнинг хавфсизлик талаби шунақа экан. Яна бир бор Байденни лутфан Беларусга таклиф қиламан, келсин, гаплашамиз. Уларнинг учрашувида Путин бизнинг позицияни қўллашини биламан, чунки у адолатли инсон», деди Лукашенко парламент вакиллари билан учрашувда.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Афинадан Вилнюсга учаётган Ирландиянинг Ryanair авиакомпаниясига тегишли самолёт Минск аэропортига қўндирилган ва унинг ичида бўлган Nexta Telegram-канали собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич қўлга олинганди. 16 июн куни Женевада АҚШ ва Россия президентлари учрашади. Бу учрашувда Байден ва Путин айни шу масалани муҳокама қилиши айтилган.

Мавзуга оид