Жаҳон | 13:30 / 27.05.2021
5563
2 дақиқада ўқилади

Минскдан Барселонага учган Беларус самолёти Евроиттифоқ ҳаво ҳудудига киритилмади 

«Белавиа» компанияси Минск-Барселона рейси билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди. Борт чегара яқинида қолиб кетиб, ўн маротабага яқин айлана йўналишда парвоз қилган ва ёнилғи тугашига оз қолганда Минскдаги аэропортга қайтиб кетган.

Фото: grodnonews.by

«Белтелерадиокомпания» хабар қилишича, 26 май куни самолёт Полшанинг ҳаво ҳудудига киритилмаган.

Самолёт чегара яқинида қолиб кетиб, ўн маротабага яқин айлана йўналишда парвоз қилган ва ёнилғи тугашига оз қолганда Минскдаги аэропортга қайтиб кетган. Embraer-195 самолёти бортида 55 нафар йўловчи бўлган.

«Ташувчи ушбу парвоз учун барча рухсатномаларга эга эди. Самолёт белгиланган муддатда аэропортдан ҳавога кўтарилди. Бироқ, парвоздан уч дақиқа олдин Франция авиацияси маъмурияти ушбу рейс учун парвоз режасини авиакомпанияни огоҳлантирмасдан ўчириб қўйди. Ҳавога кўтарилиш пайтида бу маълумотлар командирга Полша Ҳаво ҳаракати бошқармаси орқали етказилди. Марсел Ҳаво ҳаракати бошқармаси билан музокаралар давомида ҳавода йўналишни ўзгартиришга уринишлар ижобий натижага олиб келмади», дейилади хабарда. 

Беларус Давлат чегара қўмитаси расмий вакили Антон Бичковский ҳам вазиятга изоҳ берди.

«Давлат чегара қўмитаси ва чегара хизматининг ҳудудий органларига чет эл фуқароларидан доимий яшаш жойларига қайтишлари тўғрисида кўплаб сўровлар келиб тушмоқда. Саволларнинг аксарияти бир қатор авиакомпаниялар томонидан парвозларнинг бекор қилиниши, шунингдек, хорижий давлатлар томонидан Беларус Республикасининг ҳаво ҳудуди орқали парвозларга тақиқ киритилиши билан боғлиқ. Ушбу масалалар чегара хизмати ваколатига кирмаслигини таъкидлаймиз», деди у. 

Аввалроқ, Европа иттифоқи саммитида Беларус авиакомпанияларининг Евроиттифоқ аэропортларига парвози ва ЕИ ҳудуди бўйлаб учишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди, шунингдек, Европа авиакомпанияларига Беларус ҳаво ҳудудида парвоз қилишни рад этиш тавсия этилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид