Жаҳон | 15:24 / 27.05.2021
8354
3 дақиқада ўқилади

Ryanair самолётига бомба қўйилгани тўғрисидаги мактуб Беларусь ҳукумати учувчиларни огоҳлантирганидан кейин жўнатилган – ОАВ

Экспертлар Беларусь президенти Александр Лукашенко ҲАМАС ҳаракати аъзолари жўнатганини иддао қилган электрон мактубнинг аслини кўриб чиқишга муваффақ бўлган.

Ryanair авиакомпаниясининг Минскда фавқулодда қўндирилган самолёти портлаши тўғрисидаги электрон мактуб экипаж бу ҳақда огоҳлантирилганидан 24 дақиқа ўтгач жўнатилган. Бу ҳақда The Daily Beast нашри «Досье» маркази ва Newslines билан ҳамкорликда ўтказган суриштирув натижасига таяниб хабар қилмоқда.

Экспертлар Беларусь президенти Александр Лукашенко ҲАМАС ҳаракати аъзолари жўнатганини иддао қилган электрон мактубнинг аслини кўриб чиқишга муваффақ бўлган.

Лукашенконинг сўзларига кўра, айнан мана шу мактуб Ryanair самолётининг Минскда мажбуран қўндирилишига сабаб бўлган.

Асл нусхадаги вақт қайдининг кўрсатишича, мактуб Беларусь ҳукумати учувчи ва экипажни самолёт миналаштирилгани тўғрисида огоҳлантирганидан 24 дақиқа ўтганидан сўнг жўнатилган.

«Биз, ҲАМАС аскарлари Исроилдан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қиламиз. Биз ЕИ Исроилни бу урушда қўллаб-қувватлашдан воз кечишини талаб қиламиз. Delphi Economic Forum қатнашчилари уйларига FR4978 рейсида қайтишлари маълум. Бу самолётга бомба қўйилган. Талабларимизни бажармасангиз, бомба 23 май куни Вильнюс устида портлайди», дейилган мактубда. ҲАМАС вакили Фавзи Барҳум ҳаракатнинг бу мактубга мутлақо алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Шунингдек, қайд этилишича, мактуб Минск миллий аэропорти электрон манзилига соат 12:57да, самолёт Беларусь ҳаво маконига биринчи марта кирганидан 27 дақиқа ва Минск ҳаво ҳаракати бошқармаси учувчига самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабар бир нечта аэропортга етказилганини айтганидан 24 дақиқа ўтгач жўнатилган.

Греция фуқаро авиацияси бошқармаси бу ҳақда ҳеч қандай огоҳлантирувчи хабар олмаганини билдирди. Литва мактуб олган, аммо у Вильнюс аэропортига эмас, балки Литвадаги учта аэропортга хизмат кўрсатувчи «Литовские аэропорти» давлат корхонаси манзилига келган.

Европа Иттифоқи ва Ryanair авиакомпанияси бу воқеани «давлат ҳомийлигидаги қароқчилик» деб атади. ЕИ авиакомпаниялари Беларусь ҳудуди устидан парвозларни тўхтатди ва «Белавиа» компаниясига Евроиттифоқ мамлакатларига учиш тақиқланди.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Минск аэропорти матбуот хизмати Афинадан Вильнюсга учган самолёт «миналаштириш» ҳақидаги хабардан сўнг мажбуран қўндирилганини маълум қилганди. Самолёт бортида Беларусда экстремистик деб тан олинган NEXTA Telegram-каналининг собиқ муҳаррири ва асосчиларидан бири Роман Протасевич ва унинг севгилиси Софья Сапега бўлган. Улар самолёт қўнгач қўлга олинган.

Мавзуга оид