Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда COVID-19’га қарши курашга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади
Илмий конгресс ишида Ўзбекистон, Европа, АҚШ, Осиё, Россия ва бошқа ҳудудларнинг етакчи мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1-4 июн кунлари онлайн шаклда “Пандемия даврида соғлиқни сақлаш: COVID-19’га қарши курашда тажриба ва ютуқлар” мавзусида Биринчи халқаро илмий анжуман бўлиб ўтади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилаётган анжуман давомида бутун дунё бўйлаб COVID-19’га қарши соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб масалалар бўйича мунозаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Илмий конгресс ишида Ўзбекистон, Европа, АҚШ, Осиё, Россия ва бошқа ҳудудларнинг етакчи мутахассислари иштирок этади.
Конгресс мақсади COVID-19 бўйича янги билимлар алмашинуви ва орттирилган тажриба билан ўртоқлашиш, шунингдек, кенг тарқалган муаммоларни муҳокама этиш – эмлаш, диагностика, даволаш, реабилитация ва ўлим ҳолатларини камайтириш соҳасида умумий ёндашувларни излашга қаратилмоқда.
Халқаро анжуманнинг илмий дастури 3 та пленар сессия ва 8 та алоҳида бўлимлардан тузилган бўлиб, унда эпидемиология, эмлаш профилактикаси, лаборатория диагностикаси, болалар, интенсив ва дори терапияси, коронавирусдан кейинги реабилитация, тўғри овқатланиш ва психологик ҳолатнинг энг долзарб масалалари бўйича 21 давлат вакилларидан 87 та маърузалар ўрин олган. Шунингдек, дастур доирасида инфекция, вирусология, иммунология соҳасидаги етакчи Ўзбекистон ва хорижий мутахассисларнинг изланишлари ва амалий ишлари ҳамда бошқа соҳаларга инновацион технологияларни жорий этиш, пандемия шароитида сайёрамиз аҳолиси соғлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган амалий ишлар намойиш этилади.
Халқаро илмий конгресс доирасида COVID-19’га қарши курашда тиббиёт ходимларига бағишланган “Пандемия даврида замонамиз қаҳрамонлари” мавзусидаги энг яхши фото ва мақола танлови, шунингдек, “Дунё пандемияси болалар нигоҳида” мавзусида болалар учун расмлар танлови ўтказиш режалаштирилган.