– Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, халқона айтадиган бўлсак, Lex.uz платформаси айни пайтда бепул. У қачондир пулли платформага айланиши мумкинми, умуман, унинг фаолиятида қандайдир янгиликлар бўлиши кутилмаяптими?

– Lex.uz платформаси – ҳақиқатан ҳам фахрланиш мумкин бўлган платформа. Буни қўрқмай айтишим мумкин. Жуда кўп давлатлардаги ана шундай платформаларни кузатаман, бу аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун жуда катта вазифани бажариб турибди.

Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, қонун ҳужжатлари доим бепул бўлиб қолади. Чунки бу давлатнинг функционал вазифаларидан бири, яъни чиқарилган қарор қаердадир туриши керак, уни одамлар кўриши, фойдаланиши учун. Lex.uz қонун ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий нашр ҳисобланади. Яъни ҳуқуқни қўллашда бемалол ундаги нормаларга таяниш мумкин.

Энди унинг пулли бўлишига келадиган бўлсак, биз қўшимча функциялар жорий қилмоқчимиз. Яъни алоҳида аудитория учун мўлжалланган ҳар хил шарҳлар тайёрлашни йўлга қўйиш режамиз бор, бунинг учун, албатта, харажат, меҳнат сарф бўлади. Буни қоплаш учун балки монетизация жорий қилинар. Лекин бу – ҳозирча режа.

Lex.uz’ни такомиллаштириш бўйича ишлар аллақачон бошланган. Биринчи навбатда, Lex.uz’нинг қидирув функцияси тубдан янгиланади. Яъни ҳозирги кунда қидирув хизмати хато сўз билан изланган ҳужжатни топиб бермайди. Қайсидир ҳужжатни топа олишингиз учун унинг номини ёки сўзларни, албатта, тўғри ёзишингиз керак. Масалан, айримлар ўзига керак бўлган ҳужжатларни телефонда қидиради, ҳамма телефонларнинг клавиатурасида ў,қ,ғ,ҳ ҳарфлари бўлмаслиги мумкин. Бундай вазиятда ҳужжатни топиб бўлмайди. Агар кутилаётган ўзгариш жорий этилса, ўша хато сўзларни ҳам топиш функцияси бўлади.

Фурқат Тожиев

Иккинчи янгилигимиз бу – овозли қидирув функцияси. Бу ҳақда ҳам тилшунос олимлар билан ишни бошлаганмиз. Ҳозирги вақтда ўзбек тилидаги бирорта ресурсда овозли қидириш функцияси мавжуд эмас. Биз биринчи бўлиш ҳаракатидамиз. Ўзбекчада битта сўз турли шеваларда турлича талаффуз қилинади. Шу боис айни пайтда тилшунослар билан биргаликда шунинг устида ишлаяпмиз. Аслида тилимизда фаол ишлатиладиган сўзлар унчалик кўп эмас, нари борса, 11000-12000 та сўз. Ҳеч бўлмаса, ана шу фаол сўзларнинг турли шевалардаги вариантларини база кўринишида шакллантира олсак, Lex.uz’да ҳам овозли қидирув функцияси ишга туширилади.