– Сизнингча, бугун ўзбек жамиятида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти қай даражада? Фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини 100 баллдан неча баллга баҳолаган бўлардингиз?

– Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини баҳолашнинг ўзи мураккаб. Чунки жамиятимиз турли қатламлардан иборат. Масалан, оддий аҳоли бор, шифокорлар, ўқитувчилар ва бошқа зиёли қатлам бор. Биз айнан аҳолини эмас, балки ҳуқуқни қўллайдиганларнинг ҳуқуқий маданият даражасига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Хусусан, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билимларини баҳолаш бирламчи аҳамиятга эга.

– Шу ўринда бир савол. Негадир ҳуқуқий саводхонлик ҳақида гап кетганда нуқул аҳоли, одамлар тилга олинади. Аммо, бизнингча, кўпроқ, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш керакдек. Чунки сўнгги пайтларда ОАВда ёритилаётган хабарлар айнан давлат хизматчиларининг бу борадаги савияси етарли эмаслиги устида ишлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

 Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш зарур ва шарт бўлган масала ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, бу олдимизда турган энг устувор масаладир. Бу борада минимал талабларни ишлаб чиққанмиз. Ўтган йили аҳолининг эмас, айнан мансабдор шахсларнинг, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимларини баҳолаш методикаси ишлаб чиқилди. Бундан мақсад шуки, мансабдор шахс ўзининг соҳасидаги ҳуқуқий билимларни минимал даражада ўзлаштира олиши керак.

Дейлик, қайсидир тумандаги давлат хизматлари марказида ишлаган шахс фаолиятига оид йўриқномаларни, аризаларни кўриб чиқиш муддатларини, ижро назоратига оид қонун талабларини билиши керак, Билмаса, кимнингдир ҳуқуқини бузишни бошлайди. Шундан келиб чиқиб, айнан ўша мансабдор шахсларнинг ўзи фаолиятлари даражасини озгина бузса, бу унча яхши натижа эмас. Чунки бу борада қилинадиган анча ишларимиз бор.

Мансабдор шахснинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлиги вақти-вақти билан текшириб турилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Албатта, ундан олий маълумотли ҳуқуқшунослар билиши керак бўлган нарсалар талаб қилинмайди. Соҳасига оид қонунчиликни, ўзининг мажбуриятларини, тизимга ва фаолиятига оид ҳуқуқий нормаларни ўзлаштирган бўлиши кифоя.

– Айни пайтда одамларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билимларини юксалтириш бўйича Адлия вазирлиги, хусусан, сиз раҳбарлик қилаётган марказ амалга ошираётган ишлардан қониқасизми?