Ўзбекистон | 13:20 / 30.05.2021
22427
4 дақиқада ўқилади

«Вояга етмаган шахсларни сўроқ қилишнинг алоҳида тартиби бор, шуларга риоя этиш керак» — ҳуқуқшунос

Фото: Видеодан кадр

«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори Фурқат Тожиев Kun.uz’га берган интервьюсида Пахтачи туманидаги масжидда вояга етмаган болани сўроқ қилган ИИБ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан фикр билдирди. II даражали адлия маслаҳатчиси Пахтачида ходимлар қонунларда белгиланган мажбуриятларини бажаришмаганини таъкидлади.

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунга кўра, ички ишлар идоралари ходимларининг ҳар қандай шахс билан савол-жавоб қилишга ҳаққи бор. Сўроқ қилишнинг ҳам тартиби бор. Энг аввало, ходим ўзини таништириши керак. Сўнгра сўроқ қилишдан мақсадини тушунтириши керак. Вояга етмаган шахсларни сўроқ қилишнинг алоҳида тартиби бор, шуларга риоя этиш керак.

Ички ишлар органлари ходимлари профилактика мақсадида ҳар қандай шахснинг ҳужжатини сўрашга ёки савол-жавоб қилишга ҳақли. Лекин у даставвал фуқарога ўзини таништириши, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини эслатиши, сўроқ қилишдан мақсадини айтиши керак. Фуқаро талаб қилганда хизмат гувоҳномаси кўрсатилиши керак», дейди Фурқат Тожиев.

Фурқат Тожиев

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги масжидлардан бирида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари вояга етмаган болани сўроқ қилаётгани акс этган видео тарқалганди. Видеода ходимлар вояга етмаган боладан ким билан ва қачон келганини сўраб, унинг қўлидаги сумкани очиб текширади. ИИБ ходими боладан масжидда қандай дарс ўтказилаётгани бўйича маълумот олиш учун, саволлар беради. Видеотасвирда тасвирга олаётган шахс ва ходимлар тортишиб қолгани ҳам акс этган.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ҳолат бўйича расмий муносабат билдириб, ҳолат 2021 йил 25 май куни Пахтачи туманида содир бўлганини маълум қилди. Баёнотда соат 20:30лар атрофида Пахтачи туманидаги Хўжа-Зиёвуддин жоме масжиди кўздан кечирилганида Х.А. исмли шахс 11 кишига диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз, диний таълимотдан сабоқ бераётгани аниқлангани келтирилади. Баёнотда Х.А. махсус диний маълумотга эга бўлмагани, ундан сабоқ олаётганларнинг 5 нафари вояга етмаган шахс бўлгани алоҳида таъкидланади.

«Ҳолат юзасидан Х.А.га нисбатан МЖтК нинг 241-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, келгусида диний таълимотлардан сабоқ бериш нияти бўлса, махсус диний билимларни эгаллаб, қонунларга асосан, ваколатли диний органларнинг рухсати асосида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилган.

Ички ишлар органлари ҳеч кимнинг диний билим олишини чекламайди. Юртимизда диний билим олиш учун барча зарурий шароитлар яратилган. Фақатгина қонунчиликка асосан, белгиланган меъёрларга амал қилиш сўралади.

Шу ўринда, фарзандларига диний билимларни ўргатмоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат қилиб, диний таълимотни махсус диний муассасаларда, малакали мутахассислардан олишларини сўраб қоламиз», дейилади муносабатда.

Бироқ вилоят ИИБнинг расмий муносабатида вояга етмаган бола нима учун ота-онаси ёки васийлари иштирокисиз сўроққа тутилгани, холислар иштирокисиз унинг шахсий буюмлари тинтув қилингани хусусида изоҳ берилмаган.

Мавзуга оид