Жамият | 16:22 / 31.05.2021
1083
4 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси томонидан Қашқадарёда танлов савдоларида уч нафар ака-ука қатнашгани аниқланди

Қашқадарё вилоятида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қарши шаҳар бўлими томонидан Давлат харидлари бўйича қиймати 632,891 миллион сўмлик танлов савдолари Монополияга қарши кураш қўмитаси томонидан бекор қилиш кўрсатмаси берилди. Бу ҳақда Қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар бўлими томонидан Давлат харидлари бўйича қиймати 632,891 миллион сўмлик «Равоқ» МФЙ биносини жорий таъмирлаш бўйича 2021 йил 21 апрелда эълон берилган.

4 май куни мазкур иш бўйича ўтказилган танлов савдоларига иштирокчилар тақдим этган ҳужжатлари ўрганиб чиқилганда, Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 26 май куни рўйхатдан ўтказилган «Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 75-77 ва 94-95-бандларида белгиланган талаблар мазкур танлов иштирокчилари бўлган «BEKAMIR» МЧЖ, «RO‘ZIMBEK QURILISH» ва «ASADBEK FAYZ BARAKA» МЧЖлар томонидан тақдим этилмагани ва Қарши шаҳар бўлимида танлов иштирокчиларининг таклифларини рўйхатга олиш китобига киритилмагани аниқланди.

Шу билан бирга «BEKAMIR» МЧЖ томонидан 632,750 миллион сўм, «RO‘ZIMBEK QURILISH» МЧЖ томонидан 632,850 миллион сўм ва »ASADBEK FAYZ BARAKA” МЧЖ томонидан 632,800 миллион сўмлик тижорат таклифлари берилган. Иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари учун зарур бўлган бошқа танлов ҳужжатлари тўлиқ тақдим этилмаган.

Шунингдек, танлов савдосида иштирок этган 3 та хўжалик юритувчи субъектлардан «BEKAMIR» МЧЖ раҳбари Асадов Лазизжон Жонузоқович, таъсисчилар рўйхатида 100 фоиз улуши борлиги, «RO‘ZIMBEK QURILISH» МЧЖ раҳбари Асадов Мирғолиб Жонузоқович, таъсисчилар рўйхатида 10 фоиз улуши борлиги, «ASADBEK FAYZ BARAKA» МЧЖ раҳбари Асадов Лазизжон Жонузоқович, таъсисчилар рўйхатида Асадов Мирғолиб Жонузоқович 88 фоиз ва Асадов Азизжон Жонузоқович 12 фоиз улуши борлиги маълум бўлган. Маълумотларга кўра, Асадов Лазизжон Жонузоқович, Асадов Мирғолиб Жонузоқович ва Асадов Азизжон Жонузоқович яқин қариндош (яъни ака-ука) эканлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатлар, «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси «Шахслар гуруҳи» (шахслар гуруҳига товар ёки молия бозорининг ягона субъекти сифатида қаралади) ва ушбу қонуннинг 14-моддаси (савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш)даги танлов (тендер) савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Антимонополия қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қарши шаҳар бўлими ўтказган танлов савдолари ва тузилган шартномаларни ўн кун муддатда бекор қилиш ҳамда танлов савдоларини қайта ўтказиш кўрсатмаси берилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид