Греция пойтахти Aфинадан Литва пойтахти Вильнюсга учган Ryanair самолёти 23 май куни Беларусь осмонидан учиб ўтаётганда қўндирилгач, бу воқеа кўп можароларни бошлаб юборди. Самолёт бортида бомба борлиги айтилиб, уни қўндириш учун қирувчи самолёт ҳам жалб қилинди.

Ҳодиса Европада жиддий хавотир уйғотди. Европа Иттифоқи Беларусь билан авиақатновларни тўхтата бошлади. БМТ Ryanair самолётининг мажбуран қўндирилишини куч ишлатиб қўндириш, деб баҳолади. Чунки 1944 йилда қабул қилинган Чикаго конвенциясида йўловчи самолётларни қирувчи самолёт ёки президент самолётлари ёрдамида қўндиришга рухсат этилмаган.

Беларусда бу воқеаларни бир қарашда заҳарханда билан қарши олишди ва гўёки бу мамлакат авиациясига жиддий таъсир қилмаганини айтишди. Бироқ Беларусь авиацияси хаос ҳолатига тушиб қолди. Европа осмони Беларусь самолётлари учун ёпилди, «Belavia» учоқлари сарсон бўла бошлади.

Лукашенко бу муаммони Россия орқали ечишга қарор қилди. «Belavia» учун Россияга янги парвозлар очилди ва беларуслар Европадан уйига айнан Россия орқали қайтадиган бўлди. Яъни иккита самолёт алмашиб. Ryanair самолёти билан содир бўлган «йўлтўсарлик» дунё осмонидаги биринчиси эмас. Қуйида шунга ўхшаш воқеаларни эслаймиз.

2013 йил. Боливия президентининг самолёти Венага қўндирилиши. Ундан Эдуард Сноуден қидирилади

2013 йил 1 июл куни Боливия президенти Эво Моралес Москвада газ экспорт қилувчи давлатлар саммитида қатнашиб қайтаётганда, унинг самолётини америкалик ҳарбийлар Aвстрия пойтахти Венага қўндиришади. Боливия биринчи бортига Европа ҳаво ҳудудига киришга рухсат беришмайди. Америкалик ҳарбийлар самолётдан МРБ собиқ агенти Эдуард Сноуденни қидиради. Чунки Американинг «сирларини очиб ташлаган» Сноуден Эво Моралес самолётида бўлгани ҳақида гаплар тарқалганди. Кейинроқ бу ҳаракат учун Боливиядан узр сўрашади.

Моралеснинг самолётини қўнишга мажбур қилиш учун қирувчи самолётдан фойдаланилмаган. Шунингдек, президент юк ёки йўловчи ташувчи эмас, балки ҳукумат самолётида учаётганди. Бу воқеани Лукашенко билан учрашувда Владимир Путин ҳам эслади ва ўшанда жимлик кузатилганини таъкидлади.