Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Лойиҳалардан бири – Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтиришга қаратилган.
Ҳозирги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган. Пойтахт ривожланиши ва транспортлар сони ошиши билан уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис ушбу кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклидаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлиши мўлжалланган.



Миллий боғ ҳудудида барпо этилаётган Magic City маданият ва истироҳат боғининг 2-босқичи доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Лойиҳа концепциясига мувофиқ, боғ ҳудудида сунъий кўл ташкил этилади ва унинг атрофида мамлакатнинг тарихий ва диққатга сазовор масканларига бағишланган тематик шаҳарча қурилади.


Яна бир лойиҳа Чирчиқ дарёси бўйида турли инфратузилма объектлари барпо этишга оид.
Мазкур дарёнинг Тошкент шаҳридан ўтган қисми 16 километрни ташкил этади. Лойиҳага кўра, дарё ўзани қисқартирилиб, қирғоқлари ободонлаштирилади. Бунинг эвазига очиладиган майдонларда замонавий уй-жойлар, дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилиши режалаштирилган.

















