Дунёда ҳар йили 300 минг болада онкологик ва гематологик хасталик ташхиси аниқланади. Уларнинг учдан бир қисми ҳаётдан кўз юмади. Бу касалликлар болалар ўлимига сабаб бўлиш бўйича иккинчи ўринда (биринчи ўринда - жароҳатлар) туради.

2020 йилда Ўзбекистонда 884 нафар болада саратон касаллиги, 402 нафар болада эса гемотологик касалликлар қайд этилган. 4 505 нафар бола саратон, 2 396 нафар бола қон касалликлари бўйича диспансер ҳисобида туради. Онкологик касалликлар структурасида болалар онкологияси 3,7 фоизни, лейкозлар 19,1 фоизни, бош мия ва орқа мия ўсмалари 17,5 фоизни, буйрак ўсмалари 7,6 фоизни, суяк, бўғим хавфли ўсмалари 5,6 фоизни ташкил этади. Энг ачинарлиси, болаларда саратон касаллиги катталарникига нисбатан ҳаракатчанроқ бўлади.

Ўзбекистонда ҳар йили 800 нафар атрофидаги болалар саратон касаллигига чалинади. Уларнинг 30 фоизигина даволаниш ҳамда тузалиб кетиш имкониятига эга. Баъзи ривожланган мамлакатларда онкологик хасталикка дучор бўлган болаларнинг 80 фоизи даволанади, ўрта ва кам даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич 15 фоиздан 45 фоизгачани ташкил этиши тахмин қилинади. Болаларнинг саратонга чалиниши нимадан келиб чиқиши мумкин? Бу кўпчиликни ўйлантирадиган савол ҳисобланади.

Болалар миллий тиббиёт маркази гематология ва онкология бўлими мудири Камол Искандаров болаларда онкологик хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўладиган омилларни санаб ўтди.

«Болаларда онкологик касалликлар юзага келишига асосан, ҳомиладорлик вақтида онанинг ҳар хил касалликларга чалиниши, радиация, канцероген маҳсулотлар истеъмол килиш, машиналар ва заводлардан чиқаётган карбонат ангидрид, стресс ҳолатлар, болаларнинг сурункали касалликлар билан оғригани сабаб бўлиши мумкин.

Кундан кунга бузилаётган экологик муҳит ҳам касаллик кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бу омиллар туфайли ҳужайраларнинг ДНК занжирида мутация кузатилади ва ҳужайранинг ўзгаришига олиб келади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда онкологик касалликларда яшаш кўрсаткичи 30 фоиздан кам. Дунё рейтингига кўра, онкологик касалликдан тузалиш 70-80 фоиздан юқори. Айрим нозологияларда яшаш кўрсаткичи 95 фоизга тенг», дейди у.

Саратоннинг барча турларида касалликка қарши курашишнинг энг самарали усули – тезкор аниқлаш. Мутахассислар фикрига кўра, буйрак саратонининг 1-босқичида касаллик аниқланса, 10 бемордан 9 нафари яшаб кетади. Бу касалликнинг ўз вақтида аниқланиши беморларнинг 50 фоизи ҳаёти сақлаб қолинишига сабаб бўлади. Аммо республика вилоятларида эрта ташхис қўйиш учун асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари етарли бўлмагани сабаб касалликни 1-босқичда аниқлаш имконияти йўқ эди. Бемор пойтахтга етиб келгунига қадар эса касаллик 3-4 босқичларга ўтиб кетиши мумкин.