Ўзбекистонда «Аёллар дафтари» ва «Темир дафтар»га кирган оилаларнинг фарзандлари бепул операция қилинади. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Гулжамол Шукурова айтиб ўтди.

Маълум қилинишича, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда масъул тузилмалар роли ва ўзаро таъсирини кучайтириш мақсадида ихтисослаштирилган ёпиқ турдаги таълим муассасаларини тарк этаётган 310 нафар боланинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси амалга оширилади.  

Лойиҳа доирасида “Аёллар дафтари”, “Темир дафтари”га кирган оилаларнинг юрак касалликлари мавжуд бўлган ва жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган фарзандларига бепул операциялар ва реабилитация хизматлари тақдим этилади. 

Шунингдек, республика миқёсида “Аёллар дафтари”, “Темир дафтари”га кирган оилаларнинг, Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи ҳамда лаб-жағ соҳасида нуқсони бўлган, тананинг турли қисмларида куйиш оқибати пластик жарроҳликка муҳтож бўлган 200 нафар болага операциялар ва реабилитация хизматлари тақдим этилади.

Мазкур лойиҳа учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан 550 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ажратилиши режалаштирилмоқда.