Март ойидаги сайловларда 49 ёшли Беннет раҳбарлигидаги «Ямина» (тўлиқ номи «Ха-Ямин Ха-Хадаш» - ивр. «Янги ўнглар») 120 ўринли кнессетда 7 ўринни қўлга киритган, аммо икки асосий партиянинг кучлари тенг бўлиб қолган шароитда унинг фракцияси тарози палласини у ёки бу томонга оғдира оладиган вазн бўлиб қолмоқда.
Беннетга ҳозирги бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳам, мухолифат раҳбари Яир Лапид ҳам бош вазирлик лавозимини таклиф этди.
Беннет, марказчи Лапид билан ғоявий жиҳатдан яқин эмаслигига қарамасдан, айнан мухолифатчилар томонга ўтди - бу эса 12 йил мобайнида узлуксиз мамлакатни бошқарган Нетаняҳунинг даврига якун ясайди.
Исроил: мухолифат Нетаняҳусиз ҳукумат шакллантирди, Нафтали Беннет янги бош вазир бўлиши кутилмоқда

Нафтали Беннет Ҳайфада туғилган, унинг ота-онаси АҚШдан кўчиб келишган. У ҳам Нетаняҳу каби Исроил армиясининг мамлакат душманлари ҳисобланган шахсларни қўлга олиш ҳамда гаровдагиларни озод қилиш каби амалиётларни бажарувчи махсус бўлинмаси «Сайерет Маткаль»да хизмат қилган.
Беннетни бир пайтлар Нетаняҳунинг қаноти остидаги одам деб ҳисоблашган: 2006-2008 йилларда у ўша вақтда мухолифат етакчиси бўлган Нетаняҳунинг аппарати раҳбари бўлган. Аммо кейин улар жанжаллашиб қолишган ва у таълим соҳасини ислоҳот қилиш режасини ишлаб чиқиш билан шуғулланган жамоани бошқарган. У 2010 йилдан 2012 йилгача яҳудийларни Самария ва Ғазога кўчириш кенгаши директори бўлган, бу ҳудудлардаги қурилишларни музлатишга қарши ҳаракатга раҳбарлик қилган. 2012 йилда «Исроиллик» ҳаракатига асос солган. Бу орада у «Ликуд»ни бутунлай тарк этган ва ўнгчиларнинг «Яҳудий уйи» партиясига ўтган, кейинроқ у ўз номзодини партия раҳбарлиги учун қўйган, ички сайловда 67 фоиз овоз олиб, 2012 йил кузида партия раиси этиб сайланган.
Беннет 2019 йилга қадар, унинг ҳозирги янги ташкил этилган партияси навбатдаги парламент сайловларида муваффақиятсизликка учрагунча турли вазирлик лавозимларида ишлаган (2013-15 йилларда иқтисодиёт вазири, худди шу даврда Дин ишлари бўйича вазир, 2015-2019 йилларда Исроил таълим вазири). Аммо кейинги навбатдан ташқари сайловларда Беннет парламентга қайтган ва 2019 йил ноябридан 2020 йил майига қадар Исроил мудофаа вазири бўлган.

















