10:30 / 06.06.2021
9700

Венеция аҳолиси круиз лайнерларига қарши намойишга чиқди

Фото: EPA/Vostock-photo

Венеция аҳолиси пандемия бошидан бери шаҳарда илк бор круиз лайнери тўхтагандан кейин уларга қарши намойишга чиқди.

Намойиш ташкилотчиси “No Grandi Navi” (Катта кемаларга йўқ) жамияти фаолларининг таъкидлашича, одамлар катта кемаларга шаҳарнинг тарихий маркази - Авлиё Марк майдонида тўхташ тақиқланганини эълон қилган Италия ҳукумати томонидан “алданганлар”. Шаҳар аҳолиси пандемия бошидан бери 17 ой ичида шаҳарга илк круиз лайнери қўққисдан кириб келганда таажжубда қолган.

5 июнь куни 92 тонналик MSC Orchestra круиз лайнери Италиянинг Бари шаҳрига йўл олишдан олдин шаҳардан 650 йўловчини ўз бортига олган.

Шу билан бирга, шаҳарда круиз сайёҳлигидан кун кўрувчи ва пандемия бошидан бери ишсиз қолган маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватловчи “Si Grandi Navi” (Катта кемаларга ҳа) ҳаракати томонидан круиз лайнерлари қўллаб-қувватловига намойиш ҳам бўлиб ўтган.

Март охирида Италия ҳукумати круиз лайнерларига Авлиё Марк майдони ёнидан ўтиш ва тарихий марказда тўхташ тақиқланишини эълон қилганди. Кемалар янги круиз терминали қурилгунгача Маргера саноат портига йўлланиши режалаштирилганди. Бу борадаги фармон парламентнинг қуйи палатаси томонидан май ойида маъқулланганди, Италия маданият вазири Дарио Франческини эса “кўп қаватли уй” баландлигидаги кемалар Венецияда бошқа тўхтамаслигига ваъда берганди.

Венеция кўчалари май ўрталарида коронавирусга қарши чекловлар енгиллаштирилгандан кейин яна сайёҳлар билан тўла бошлади. Пандемиягача сув устидаги шаҳар йилига 28 млнгача сайёҳни қабул қилган.

Top