Ўзи нима бўлди?
11 июнь куни бошланадиган Евро-2020 турнирида иштирок этувчи Украина миллий жамоаси янги либосларини тақдим этди.

Футболкада Украина харитаси тасвирланган бўлиб, унда 2014 йил Россия таркибига қўшиб олинган Қрим яримороли харитаси ҳам акс этган.

Бундан ташқари, либос ёқасида украин миллатчилари ва ўнгларни ифодаловчи «Слава Украине» ва «Героям слава» шиорлари туширилган.

«Украина терма жамоаси Евро-2020да янги, махсус формада иштирок этади. Ҳар бир украин учун қадрли бўлган талисман ва рамз унинг асосий атрибутидир. Бу мамлакатимиздаги барча учун энг қимматли қиёфадир. Қрим, Донецк, Луганск, Киев, қадрдон Днепр, Львов, Одесса ва болаликдан энг асосий куй миллий мадҳия бўлган барча шаҳарлар ҳамда қишлоқлар билан бўлинмас ва ягона ватан. «Украинага шон-шарафлар!» ва унга жавобан қайтариладиган «Қаҳрамонларга шон-шарафлар!» шиорлари энди формада ҳам бўлади ва футболчиларимизни янги ғалабаларга илҳомлантиради.

Ишонамизки, Украина силуэти футболчиларга куч беради, ахир улар бутун Украина учун курашади. Бутун Украина, Севастопол ва Симферополдан Киевгача, Донецк ва Луганскдан Ужгородгача — уларни ҳар бир ўйинда қўллаб-қувватлайди. Бу Евро-2020да яхшироқ ўйнаш иштиёқида ёнаётган футболчилар учун ҳам, Андрей Шевченконинг жамоасига ишонч билдираётган миллионлаб мухлисларимиз учун ҳам жуда муҳим. Футбол ва миллий терма жамоа Украинани бирлаштиради. Украинага шон-шарафлар бўлсин», — дея ушбу комплектни изоҳлаган Украина футбол ассоциацияси раҳбари Андрей Павелко Facebook’даги саҳифаси орқали.

Россиядагилар бу ҳақда нима дейишмоқда?
«Украинани аста-секинлик билан унутишмоқда, дунёда бошқа муаммолар етарли. Ҳозирда кун тартибида Америка ва Россия президентларининг тарихий учрашуви. Украина ўзи ҳақида эслатиб қўйиш учун қандай бўлмасин сабаб қидирмоқда. Россиялик журналистлар ҳам ҳозир пашшадан фил ясамоқда, бунга эса бутун дунё эътибор қаратмоқда. Ким формага қаради? Мен уларнинг формасида нима тавсирланганини тушунмадим ҳам. Биз бунга эътибор қилишимиз керак эмас. Яхшиси Европа чемпионати арафасида терма жамоамизни муҳокама қилайлик. Журналистлар тинчланиши керак, барча муаммо сизда», — деган Давлат думаси депутати Игорь Лебедев.

«Чемпионат регламентига кўра бундай қилиш мумкин эмас. Бу формада бўлиши мумкин бўлмаган сиёсий шиор. Агар УЕФА раҳбарияти кўр бўлмаса, улар Украинага бу формада иштирок этишни тақиқлаши керак. Бу халқаро спорт мусобақалари принципини бузишдир — спорт сиёсатдан холи! Шахсан менга украинларнинг формасида нима бўлиши қизиқ эмас. Улар кучли жамоа бўлса ҳам майли эди. Ахир улар аутсайдерларку. Биринчи йирик мағлубиятдан кейин улар ҳақида унутишади. Бу Украина ҳеч кимга қизиқ эмас», — деган бошқа бир депутат Виталий Милонов.