Ўзбекистон | 12:23 / 08.06.2021
27801
3 дақиқада ўқилади

Сабзи 7 минг сўмгача қимматлашди. Нега?

Сўнгги ҳафтада асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири – сабзи нархи сезиларли ошди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2 июнь ҳолатига республика бозорларида 1 кг сабзи 2 500 сўмдан 7 000 сўмгача сотилмоқда. Кўрсатилган санадан бир ҳафта олдин, 26 май куни маҳсулотнинг максимал нархи 5000 сўмгача сотилаётгани хабар қилинган.

Айни пайтда эса сабзи асосан 5000 сўм атрофида сотилаётгани айтилмоқда. Мутахассислар маҳсулотнинг улгуржи ва чакана савдоларда қимматлашганига бир неча омилларни келтиришяпти. Хусусан, бу йил сабзининг кам экилгани ва унга бўлган талаб ортиб бораётгани асосий сабаблардан биридир.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакилининг таъкидлашича, сабзи экиш туфайли бир неча йилдан буён кўрилган зарар деҳқонларни бошқа экин экишга мажбур қилган. Оқибатда нархлар кўтарила бошлаган.

«Нега сабзи нархи 5 минг сўмга кўтарилгани ҳеч кимни ўйлантирмаётганга ўхшайди. Нима учун килоси 500 сўмга тайёр бўладиган сабзи нархи 5 минг сўмга чиқиб кетди? Сабаби деҳқонлар 2-3 йилдан бери зарар қилмоқда, шунинг учун сабзи экмай қўйишди. Улар ҳатто маҳсулотни сақлаш учун совиткич пулини ҳам чиқара олмайдиган даражага келишган. Одам зарар қилаверса, бошқа экин экишга ўтади», деди у.

Қайд этилишича, коронавирус пандемияси даврида тўй-маросимлар, турли тадбирлар тўхтатилгани сабабли тўйхона, ресторан, кафе ва бошқа овқатланиш марказлари ишламади ва сабзавот сақлайдиган совиткичи бор тадбиркорларга имтиёзлар берилмади. Шу сабабли улар катта зарар кўришган.

«2019 йилда сабзилар кўп ва тартибсиз экилгани, қайта ишлаш корхоналари харажатлари қимматга тушгани боис, кейинги йилги экишлар миқдори камая бошлаган. Яна бир муаммо газ нархи қимматлиги билан боғлиқ. Масалан, аҳоли газ учун 380 сўмдан тўласа, қайта ишлаш корхоналари 680 сўмдан тўлайди. Бу нотўғри деб ўйлайман. Иссиқхоналар минг сўмдан тўлайди.

Мева-сабзавотга ҳамма жойда субсидия берилади. Чунки унинг нархи ошиб кетмаслиги ва истеъмол учун етарлича экилиши учун шундай қилинади. Лекин қайта ишлаш корхоналари сарфлаган газ учун тўловни аҳолиники билан тенг қилиб қўйиш керак. Мисол учун, Хитойда аҳолига газ 380 сўм бўлса, мева қайта ишлаш корхонаси учун 160 сўм», дейди манба.

Сабзи нархи қимматлашига яна бир сабаб сифатида унинг уруғи ва маҳсулот етиштириш харажатлари ортгани, бир неча йиллар давомида харажатлар ўзини оқламагани айтилмоқда.

Мутахассислар айни пайтда эътиборни сабзавот етилмасидан олдин харидор топишга, деҳқон ва тадбиркор ўртасида шартномалар тузишга қаратиш вақти келганини таъкидлашмоқда. Шундай келишув бўлган тақдирда ким қанча даромад олиши ва муҳими ҳосил харидори аниқ бўлади. Қолаверса, келгусидаги экин режалари ҳам шунга мос равишда ўзгариб бораверади.

Мавзуга оид