Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистонга расмий ташрифи доирасида Душанбедан Хўжандга келди. Олий мартабали меҳмонни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон кутиб олди. Икки мамлакат байроқлари билан безатилган аэропорт ва кўчаларда жамоатчилик вакиллари президентимизни катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Икки мамлакат етакчилари қисқа учрашув ўтказиб, биргаликда Хўжанд яқинидаги «Арбоб» маданият саройига йўл олдилар.


«Арбоб» маданият саройида Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Тожикистон пешвоси Имомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан икки мамлакат ўртасида ишонч ва дўстлик муҳити яратилганини таъкидлади.

«Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва архитектори ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев», - деди Имомали Раҳмон.
Кейинги йилларда давлат чегараларида 17та ўтказиш пункти очилгани, Тожикистон халқи бундан миннатдор экани қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари йиғилганларга чуқур ҳурматини билдириб, халқлар ўртасидаги дўстликни қадрлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида нутқ сўзлади.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қарор топган яхши қўшничилик ва абадий дўстлик туфайли биз улкан натижаларга эришмоқдамиз. Албатта, бундай ютуқларга эришишда Сиз, азизларнинг, икки мамлакат жамоатчилиги ва зиёлиларининг беқиёс ҳиссаси борлигини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз», – деди Шавкат Мирзиёев.
















