14:01 / 16.06.2021
40557

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи ўзгарди

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Бўронов Шавкат Мавлонов ўрнига Сирдарё вилояти ИИБга бошлиқ бўлди.

Шуҳрат Бўронов

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасига янги бошлиқ тайинланди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, Шуҳрат Ҳусанович Бўронов Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлади.

Полковник  Шуҳрат Бўронов муқаддам Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган, шу кунга қадар Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

У янги лавозимда Шавкат Мавлоновнинг ўрнини эгаллади. Шавкат Мавлонов 2019 йилнинг июнида Илҳом Қутлимуратов ўрнига Сирдарё вилояти ИИБга бошлиқ бўлганди. Унинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Шавкат Мавлонов
  • Эслатиб ўтамиз, Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирларида Сирдарё вилояти ҳарбий блок раҳбарлари, яъни ДХХ, прокуратура, ИИБ ва божхона хизматларининг ҳудудий раҳбарлари Ўзбекистон мадҳияси янграётган вақтда ўзини қандай тутгани акс этган видеолар интернетда тарқалганди. Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг ортида турган ҳарбийлар давлат мадҳияси янграй бошлаши билан қандай жест кўрсатишни билмай шошиб қолишган, улар аввалига қўлларини бош кийимларига қўндириб ҳарбий чест бериб туришган, кейин эса қўлларини кўкракларига қўйиб туришган, бу тушунмовчилик тўрт ҳарбий иштирокида бир неча марта такрорланган ва бу вақт давомида камера кулгили ҳолатни ёзишда давом этганди.
Top