«Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

Фармон билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқландиРўйхатга маълумотларнинг 33 хил тоифаси киритилган.

33 тоифадаги маълумотларнинг очиқланиши жамоатчиликда мустақил суриштирувлар олиб бориш имкониятини оширади.

Ҳужжат талаблари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарига тааллуқли.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги маълумотлар расмий интернет манбаларида очиқлаб борилади ва ҳар чоракда янгиланади:

  • давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
  • мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
  • солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари;
  • Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва назорат қилувчи органларнинг тафтиш ва текширувлари тўғрисидаги маълумотлар (давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда);
  • устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхати