Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси навбатдан ташқари ўтказилган парламент сайловларида ғалаба қозонди. Арманистон МСК маълумотларига кўра, овозларнинг 100 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин , Пашиняннинг партияси 53,92 фоиз овоз олгани маълум бўлган, мамлакатнинг собиқ президенти Роберт Кочаряннинг «Арманистон» блокига эса 21,04 фоиз сайловчи овоз берган.

Арманистоннинг яна бир собиқ президенти Серж Саргсян «Шон-шараф» блоки 5,23 фоиз овоз тўплаган.

Партия учун парламентга ўтиш тўсиғи 5 фоиз, блоклар учун эса 7 фоиз ҳисобланади.

Сайловолди кампанияси қизғин кечгани электоратни ҳам фаоллаштирди ва арманистонликларнинг сиёсатчилардан ҳафсаласи пир бўлгани ҳақида гапириб келган экспертларнинг кутганидан фарқли ўлароқ, сайловда давомат етарлича юқори бўлди. Арманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг қарийб 50 фоизи сайлов участкаларига келган.

Кутилмаган ғалаба
Григор Атанесян, BBC корреспонденти, Ереван

Бу Пашиняннинг кутилмаган ғалабаси бўлди. Унинг партияси сайловчиларнинг қарийб 54 фоизи овозини олди ва парламентда кўпчилик ўринга эга бўлди, бу эса унга ҳукуматни шакллантириш имконини беради.

Экспертлар ҳам бундай натижани кутишмаганди - ўтган йилги Қорабоғ урушидаги мағлубиятдан кейин Пашиняннинг рейтинги кескин пастлаган, ижтимоий сўровлар ҳам унинг партияси анча камтарроқ натижа қайд этишини кўрсатаётганди.

Аммо кўпчилик Пашинянга берилган овозларни мамлакатни 20 йил мобайнида бошқарган ва ҳозирги сайловда мухолифатчи сифатида қатнашган икки собиқ президентга қарши берилган овозлар деб ҳисобламоқда.

Бу сайловлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, одамлар аввалги режим қайтишини исташмайди.

Аммо пойтахт Ереванда Пашиняннинг партияси 50 фоиздан камроқ овоз олди - бу эса элита қатламининг ҳокимиятдан кўнгли қолгани ифодасидир. Дипломатлар, давлат хизматчилари, ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари бош вазирнинг муваффақиятсиз сиёсатини танқид қилишмоқда, зиёлиларни эса унинг баландпарвоз шиорларга ва кўчалардаги акцияларга таянадиган популистларча услубидан зада бўлишган.