Жамият | 09:57 / 23.06.2021
4187
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда Nexia-3, «Жигули» ва Isuzu юк машинаси иштирокида ЙТҲ юз берди

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида учта машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда бир неча киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 22 июнь куни соат 12:15да М34 Тошкент-Душанбе халқаро автомобиль йўлининг Сирдарё тумани «Ўзбекистон» МФЙ ҳудудидан 100 километрда Nexia-3, «Жигули» ва Isuzu юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

1987 йилда туғилган хайдовчи Ф.Ф. «Жигули ВАЗ-2106» машинасида қайрилиб олаётган вақтида ортидан ҳаракатланиб келаётган, 1989 йилда туғилган А.Ш. Isuzu юк машинаси орт қисмига урилган ва бошқарувни йўқотиб, ағдарилган. Зарб натижасида ВАЗ-2106 автомашинаси қарама-қарши йўналишга чикиб кетиб, рўпарадан келаётган, 1992 йилда туғилган хайдовчи Д.Б. бошқарувида бўлган Nexia-3 машинаси билан тўқнашган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорти оқибатида «Жигули ВАЗ-2106» хайдовчиси Ф.Ф. ҳамда унда йўловчи сифатида кетаётган, 1992 йилда туғилган К.Б.лар мия лат ейиши, САК, бурун суяги очиқ синиши, «постравматик шок» ташхислари билан турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, Сирдарё туманидаги шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Аниқланишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасига Isuzu юк машинаси ҳайдовчиси қоидаларни қўпол тарзда бузиб, оралиқ масофасини сақламагани сабаб бўлган. Ҳодиса юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ўтказилмоқда.

Мавзуга оид