12:06 / 25.06.2021
27020

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида 21 млрд сўм бюджет маблағлари қалбаки ведомостлар билан ўзлаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2021 йилдаги назорат ишлари режасига мувофиқ, олий таълим тизимига 2017-2020 йилларда ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилгани юзасидан ўрганиш ўтказилмоқда.

Маълум қилинишича, 2017-2020 йилларда президент ҳужжатларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига берилган топшириқларнинг 3 710 таси бажарилган, 4та топшириқнинг ижроси таъминланмай қолмоқда.

Шунингдек, масофавий назорат натижасида кузатилган шубҳали ҳолатлар ўрганилганда, 2та олий таълим муассасасида 22,5 млрд сўм маблағ ўзлаштирилгани аниқланди.

Жумладан, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳисобланган иш ҳақи ва стипендияларга нисбатан банкдан ортиқча олинган 21 млрд сўм нақд пуллар бухгалтерия ходимлари томонидан қалбаки ведомостлар тузиш орқали ўзлаштирилган. Жиззах политехника институтида эса 1,5 млрд сўм маблағлар пластик карточкага ўтказиш орқали ўзлаштирилган.

Ҳисоб палатасига кўра, бухгалтерия хизмати масъуллари ўзининг тушунтириш хатларида юқорида кўрсатилган маблағлар ўзлаштирилганини тан олишган.

Айни вақтда аниқланган ҳолатлар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар ўзлаштирилган маблағларни ўз жойига тиклаш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун белгиланган тартибда Бош прокуратурага юборилган.

Top