Биринчидан, клублар футболида алоҳида ўйинлар учун танланадиган тактиканинг аҳамияти у қадар катта бўлмайди. Футболчилар йиллаб бирга ўйнашади, шуғулланишади, ўзаро муносабатлар ва муҳит катта рол ўйнайди, яъни ҳар қандай алоҳида ўйин ёки турнир учун пойдевор йиллар давомида қурилади. Ҳатто бир мураббий билан муваффақият қозонилган турнирларда аввал ишлаб кетган мураббийларнинг ҳам ҳиссаси етарлича бўлади – жамоа қайсидир паллаларда эски мураббийлар ишланмаларидан ҳам самарали фойдаланган бўлиб чиқишади.
Иккинчидан, айниқса, топ-клубларда маълум бир фалсафа ёки услубга қаттиқ боғланиб қолиш эҳтиёжи камроқ. Топ-клуб деярли ҳар йили юлдуз футболчиларни сотиб олиши керак. Бу фақат жамоани кучайтириш, маълум позицияни ёпиш учунгина бўлмайди – топ-клуб юлдуз футболчиларни сотиб олиши керак, тамом. Бу маркетинг нуқтайи назаридан, доимий янгиланиш ва топ-даражада туриш жиҳатидан ҳам жуда муҳим эҳтиёж. Яъни клуб давомли тарзда индивидуалларни сотиб олиш зарурияти мураббийларни чеклайди, таркиб билан ҳисоблашиш, ҳар доим ўзгаришлар қилишни талаб этади.
Шунинг учун маълум фалсафа ва услубга содиқ мураббийлар кўпроқ ўртамиёна жамоаларда кузатилади. Фақат Гвардиола алоҳида мавзу, лекин биз Клоппнинг ҳам янада мослашувчан, кўп тармоқли мураббийга айланиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз.
Терма жамоаларда эса кўп нарса чекланган. Мураббий ихтиёрида фақат ўша мамлакат фуқаролари мавжуд. Шунингдек, бир миллат вакиллари қайсидир хусусият борасида яқин бўлади – бўйи паст мамлакат терма жамоаси мураббийи тактикани шундан келиб танлаши керак ва ҳоказо. Хуллас, мавжуд имкониятлардан энг самарали натижа чиқариш эҳтиёжи мураббийлар учун янги ғоя, фалсафа, тенденция излашлари учун етарли сабаб.
Аммо биз кузатаётган сўнгги йирик турнирлар энди бизни бошқача тенденция кутаётганини кўрсатаётгандек. Сўнгги Европа чемпиони Португалия, жаҳон чемпиони Франция, Евро-2020даги етакчи жамоалар – Англия, Бельгия, яна ўша Франция. Эътибор берсангиз, бу жамоалардаги умумийлик – алоҳида, ажралиб турадиган услубнинг йўқлиги, кўп ҳолатларда ҳимоявий тактикани танлаётганликлари ва анча прагматик футбол ўйнашаётганини кўрамиз. Аксинча, ажойиб мураббий юришлари, кутилмаган услубларни Дания, Чехия, Венгрия, Австрия каби жамоаларда кўрмоқдамиз. Нега?
Кеча мағлубиятга учраган Португалия мураббийи ҳақида унинг Бруно, Фелиш, Андре Силва, Бернарду, Криштиану каби юқори ҳужум потенциалидан фойдалана олмай, ҳимоявий ўйин қургани танқид қилинмоқда. Ишонинг, эртагаёқ Франция, Англия ёки Бельгия мағлубиятга учраса, худди шундай танқидларни ўқиймиз. Ахир Мбаппе, Де Брюйне, Маунт, Кейн, Лукаку каби футболчиларни биз клубларда кўряпмиз, уларнинг қанақа сермаҳсул ўйнай олишларини, голлари ва ассистлари сонини биламиз – қандай қилиб улардан фойдалана олмаслик мумкин, тўғрими?

















