Жаҳон | 09:58 / 30.06.2021
10751
2 дақиқада ўқилади

Канадада аномал иссиқдан ўнлаб одамлар вафот этмоқда

Канада полицияси мамлакатда кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ортида ўлим даражаси ошганини маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб CBC телеканали хабар берди. 

Фото: globalnews

Маълумотларга кўра, Канадада ҳаво ҳарорати 25 июндан кўтарила бошлаган. Ванкувер полицияси 25 июндан 29 июнгача тўсатдан ўлим юз бериши ҳақида 65тадан кўпроқ қўнғироқ олган. Бундай ҳолатлардан 20таси 29 июнда қабул қилинган. Ваҳоланки, оддий кунда полицияга бундай қўнғироқлардан бор-йўғи 3-4та келиб тушган.   

Мамлакатда ҳаво ҳарорати 49,5 даражага кўтарилди. Бунгача Канадада ҳарорат ҳеч қачон 45 даражадан ошмаган. Фуқаролардан бирининг таъкидлашича, ҳарорат юқорилигидан кўчага умуман чиқиб бўлмаган.

«Биз иложи борича ичкарида қолишга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз иссиқ ҳавога кўникканмиз, бироқ 30 даража 47 даражадан анча фарқ қилади», деб айтган аёл. 

«Ванкувер ҳеч қачон бундай иссиқни ҳис қилмаганди. Афсуски, ўнлаб одамлар шу сабаб вафот этмоқда», деб айтган полиция вакили сержант Стив Аддисон.

Бернаби шаҳри полицияси охирги 2 кун ичида 25та ўлим ҳолати ҳақида қўнғироқ олган. Ўлимларга нима олиб келгани ҳали аниқланмаган, бироқ полициянинг фикрича, улар об-ҳаво билан боғланган. «Кўплаб ўлимларнинг сабаби иссиқ ҳаво экани тахмин қилинмоқда. Вафот этганлардан аксарияти кексалар бўлган», деб маълум қилган капрал Майк Каланж.

Суррей графлигида ҳам 28 июндан бошлаб 20та ўлим ҳақида хабар олинган. Полицияда таъкидланишича, одатда уларга бундай хабарлардан кунига 5та келиб тушади.

Абботсфорд ва Виктория полицияси ҳам ўлим ҳолатлари ҳақида одатдагидан кўпроқ қўнғироқ қабул қилганини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид