Кундалик ҳаётимизда машина олиш истагида юрган, аммо етарлича маблағга эга бўлмаган одамларни кўп учратиш мумкин. Бундай ҳолатларда улар кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш каби усуллардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Унутмаслик керакки, исталган шартномани тузишдан олдин, унинг нозик жиҳатларига эътибор қаратиш лозим. Шартнома тузаётганда нималарга эътибор қаратиш керак? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фуқароларни огоҳ бўлишга чақирмоқда.
Кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш
Бу жараён икки босқичда амалга оширилади. Дастлаб бўнак (аванс) тўлов амалга оширилгани тўғрисида шартнома тузилади, сўнгра кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси имзоланади. Шуни ҳам ҳисобга олиш лозим, агар ижарага олинаётган автомашина маркаси топилмаса, фуқаро хизмат кўрсатаётган корхона томонидан тақдим этиладиган учта вариантдан бирини танлашга мажбур. Агар фуқарога таклиф қилинган вариантлар ёқмаса, у пулни қайтариб олишга, фақатгина 40-60 иш куни ўтганидан сўнг (корхонанинг сиз хоҳлаган автомашинани қидиришга яна 120 кун, жами 180 кунгача) ҳақли ҳисобланади.
Шунингдек, яна бир нарсага жиддий эътиборда бўлиш керак: агар дастлаб шартномада таклиф қилинган транспорт воситаси тақдим этилмаса, ижарага берувчи ҳеч қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди. Яъни корхона сизнинг маблағингизни деярли 6 ой давомида сақлаб тургани, вақтингизни олгани, хизмат кўрсатмагани учун ҳеч қандай молиявий ёки бошқа йўқотишларга дуч келмайди.
Аванс тўлов шартномаси ва сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси корхона томонидан 5 дақиқа ичида нотариал тасдиқланмасдан ва бошқа ҳужжатлар талаб қилинмасдан тузилади.
Бундан ташқари, сиз ижарага машина олсангиз, унинг расмий эгасига айланмайсиз ва эгалик ҳуқуқи сизга тегишли бўлмайди, устига устак корхонадан ҳар ойда транспорт воситасини бошқариш учун ишончнома расмийлаштирилиши лозим.
Агар молиявий аҳволингиз ёмонлашиши оқибатида тўлов қобилиятини йўқотсангиз ва шартнома шартларини бажара олмасангиз, транспорт воситаси олиб қўйилади ва фуқарога тўлаган маблағи қайтарилмайди.
Шартнома тузишда нималарга эътибор бериш керак?















