Сўнгги вақтларда Kun.uz таҳририятига республикада фаолият юритувчи фермерлардан кўплаб мурожаатлар келмоқда. Уларнинг аксарияти, туман ҳокимликлари улар билан ер ижара шартномасини асоссиз равишда бекор қилаётгани, баъзи туманлар мутасаддилари эса, ҳатто мажбурий равишда ариза ёздириб олаётганлари хусусида айтишмоқда. Биз Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодировдан фермерлар билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритишни, фермер хўжаликларини мақбуллаштириш жараёнлари қандай тартибда амалга оширилишини тушунтириб беришни сўрадик.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарори айни вақтида чиққан қарор бўлди. Қарор қабул қилинишига асос бўлган барча ҳолатлар қарорнинг асослантирувчи қисмида батафсил кўрсатиб ўтилган. Бу қарорнинг ижросига киришишдан олдин, авваламбор ким бўлишидан қатъи назар, қарор қабул қилинишига асос бўлган шу бандларни бирма бир ўқиб, таҳлил қилиб чиқса мақбуллаштириш нима учун зарур бўлиб қолганлигини ҳис этади.

Чунки сўнгги йилларда ерларни ноқонуний ажратиш ва улардан хўжасизларча фойдаланиш, айниқса суғориладиган ерлардан ноқонуний фойдаланиш, шахсий манфаати йўлида якка тартибда уй-жой ёки бошқа бино ва иншоотларни қуриб олиш ҳолатлари, ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари кўриниб турган эди.

Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларининг контурлари кесимида экинларни жойлаштириш, ҳосилдорликни белгилаш бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг шаффофлиги ва холислиги таъминланмаётганлиги, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда замонавий ресурстежамкор инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилмаётгани, томчилатиб суғоришга аҳамият берилмаётганлиги, ер майдонларидан самарали фойдаланилмаётгани, ер ажратиш ва экинларни жойлаштиришда шаффофликни таъминланмаётгани, ернинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган замонавий инновацион ва ресурстежамкор технологияларни деярли жорий этилмаётганлиги  ҳам яққол намоён бўлиб турган ҳолатлар ҳам мавжуд эди.

Ҳукумат томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинган бу қарорнинг ижросини таъминлаш шу куннинг энг долзарб масаласи бўлиб турганлиги учун ҳам тузилган ишчи гуруҳлари бу қарор ижросини таъминлашга жуда жиддий ёндошмоқдалар.