Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашув чоғида Пентагон раҳбари вазир Абдулазиз Комиловни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаган.
Музокараларда мудофаа йўналишидаги, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Турли даражалар ва йўналишлардаги мунтазам мулоқот сабабли сўнгги йилларда Ўзбекистон-Америка алоқалари ижобий ўсиш суръатларини касб этаётганлиги, амалий мазмун билан бойиб бораётгани қайд этилди.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон томонидан кўп йиллардан буён қўллаб-қувватланаётганини олқишлади ҳамда ушбу мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ва унинг Марказий Осиё минтақасига интеграциясига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди, дейилади хабарда.








