Америкалик ҳарбийларни Афғонистондан бутунлай олиб чиқиш тўғрисида толиблар ва АҚШ ўртасида Дональд Трамп президентлиги даврида келишувга эришилганди. Ҳозирги президент Жо Байден Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар олиб чиқилишининг сўнгги муддатини белгилади: жараён 11 сентябргача якунланиши керак - шу куни америкаликлар Афғонистонга бостириб киришига сабаб бўлган Нью-Йорк терактларига 20 йил тўлади.
Америкаликларнинг Багромдан кетиши барча соҳаларга таъсир кўрсатиши мумкин - миллий хавфсизликдан тортиб оддий афғонларнинг кундалик турмуш тарзигача.
Масалан, энди Кобулдаги аэропортни ким қўриқлаши ҳозирча маълум эмас. Бу аэропорт халқаро дипломатик миссиялар фаолияти ва стратегик юкларни етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга.
Аэропорт муҳофазасини кўп йиллар давомида америкалик ҳарбийлар таъминлаб келишганди. Айрим маълумотларга кўра, улар сентябрга қадар ҳам Кобулда қолишади, Вашингтон ҳозирда бу функцияни ўз зиммасига олиши мумкин бўлган ҳамкорни қидирмоқда. Хабар қилинишича, бу масала яқинда АҚШ ва Туркия президентлари ўртасида муҳокама қилинган, аммо ҳозирча муайян келишувга эришилмаган.
Адоқсиз уруш. Американинг энг узоқ давом этган ҳарбий кампанияси — суратларда
Багром - 80 минг киши яшайдиган шаҳардир. BBC корреспонденти Лиз Дюсетнинг ёзишича, шаҳар аҳолиси энди ўз хавфсизлигидан хавотирга тушган. Хусусан, шаҳардаги қизлар мактабига олиб борувчи йўл ҳарбий база ёнидан ўтади.
База ҳудуди афғон хавфсизлик кучлари назоратига ўтди, аммо маҳаллий аҳоли улар узоқ вақт толиблар ҳужумига бардош бериб туришига ишонишмаяпти. «Толибон» ҳаракати жангарилари америкалик ҳарбийларнинг Багромдан кетишини хурсандчилик билан қаршилашди, кўпларнинг фикрича, улар энди бу базани эгаллаш учун ҳужум бошлайди.
Авиабаза замонавий, яхши жиҳозланган ҳарбий иншоот бўлиб, толиблар уни эгаллаб олишга уриниши табиий. Бундан ташқари, унинг ҳудудида америкаликлар терроризмда гумонлаган шахслар сақлаб келинган қамоқхона жойлашган. Айни вақтда у ерда қанча маҳбус борлиги маълум эмас, аммо маҳаллий аҳолини шундай савол ўйлантирмоқда - агар толиблар маҳбусларни чиқариб юборса, улар қаерга кетади ёки улар шаҳарда қоладими?



















