Кунлар тобора исиб бормоқда. Жазирамада инсоннинг иштаҳаси пасайиб, лоҳас бўлиб бориши табиий ҳол. Аммо куни билан сарф қилинган энергиянинг ўрнини озиқ-овқат билан тўлдириб турилмаса, меҳнат фаолияти сустлашиб бориши мумкин. Ўз ўрнида саломатликни асраш учун тўғри овқатланиш тартиби ҳақида ҳам унутмаслик керак. Хўш, бугунги иссиқ кунларда қандай таомланган маъқул? Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Тошкент тиббиёт академияси Овқатланиш гигиенаси ва болалар, ўсмирлар гигиенаси кафедра профессори Гули Шайховага мурожаат қилди. 

— Албатта ёз кунлари иштаҳа пасайиши сабабли кўпроқ ҳўл мевалар ва хом ҳолатдаги сабзавот ҳамда улардан тайёрланган салатларни хуш кўриб истеъмол қиламиз.

Чунки бу маҳсулотларнинг кўпчилиги чанқоқни қондиради ҳамда организмни керакли минерал моддалар ва витаминлар билан тўйинтириб боради. Лекин уларнинг калорияси кам ва куни билан сарф қилинган қувватнинг ўрнини боса олмайди. Организмга эса доим оқсил моддалари зарур.

Бунинг учун гўшт ва унинг ўрнини босувчи баъзи (дуккакли) маҳсулотлар кунлик таомномага киритилиши керак. Аммо унутмаслик керакки, қовурилган, ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши анча қийин. Шунинг учун гўшт маҳсулотлари қайнатилган ҳолатда бўлиши ва умуман енгил ҳазм бўладиган гўштли овқатларни истеъмол қилишни тавсия қиламиз. Мошхўрда, мастава, қайнатма шўрва (ёғсиз), манпар ва шунга ўхшаш енгил ҳазм бўладиган таомларни ейиш керак.

Албатта, кабоб (шашлик)дан ҳеч ким воз кечмаса керак, аммо бу таомни сабзавотдан қилинган салатлар билан истеъмол қилиш ва уксус моддасини камроқ ишлатиш лозим.

— Бу мавсумда овқатланиш тартиби қандай бўлиши керак?

— Ёз фаслида овқатланиш тартибини бироз ўзгартириш лозим. Нонушта соат 7:00да қилиниши, унда оқсил, ёғ ва углеводлар оддий кунлардагидан нисбатан кўпайтирилиши лозим. Масалан: сут маҳсулотлари (творог, қаймоқ, сутли чой), мева, сабзавот, сувда пиширилган гўшт ва шунга ўхшаш маҳсулотлар истеъмол қилиниши керак. 

Тушликда енгил ҳазм бўладиган биринчи таом, яъни мошхўрда, мастава, манпар, сувда ёки буғда тайёрланган котлетлардан иборат бўлса яхши бўларди.

Дастурхонимизда албатта сабзавот ва мевалар, улардан тайёрланган салатлар, бодринг, помидор, пиёз, кўк пиёз, кўкатлар бўлиши керак. Ҳўл мевалардан тайёрланган шарбатлар таркибида эса шакар имкон қадар умуман бўлмаслиги лозим. Ёзнинг иссиқ кунларида шўр балиқ, дудланган гўшт, консерва, тузли маҳсулотларни истеъмол қилиш умуман тавсия этилмайди, чунки улар чанқаш ҳолатини янада кучайтиради.