Қонунда қуйидагилар назарда тутилади: Президент давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари: қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қўриқланадиган объектларни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва бошқалар.
Шунингдек, ушбу қонун доирасида қўриқланадиган шахслар доираси ҳам белгиланган:
- президент ва унинг оила аъзолари, собиқ президент ва унинг бутун ҳаёти даврида оила аъзолари, президент вазифаларини ва ваколатларини бажарувчи шахс;
- битимларга мувофиқ чет давлатларнинг, ҳукуматларнинг, парламентларнинг, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа шахслар.
Ҳужжатга кўра, ташкилот ҳуқуқий мақомига кўра қўриқланадиган шахслар ва объектлар хавфсизлигини таъминлайдиган, шунингдек қўриқланадиган шахслар ва объектларнинг хавфсизлиги масалалари бўйича жалб қилинган давлат органлари ва бошқа ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирадиган, уларнинг ҳамкорлигини ҳамда тезкор бошқарувини амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органидир.
Президент давлат хавфсизлик хизматига президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошчилик қилади. Президент давлат хавфсизлик хизмати бевосита президентга бўйсунади ва унга ҳисобдор. Фуқаролар ва мансабдор шахслар учун ПДХХ ходимларининг қонуний буйруқларини бажариш мажбурий ҳисобланади.
Қонунга кўра, Президент давлат хавфсизлик хизмати қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади ҳамда ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан мустақил тарзда олиб боради.
Қонун билан Президент давлат хавфсизлик хизмати 41 тоифадаги ҳуқуқларга эга бўлмоқда. Булар қаторига қўриқланадиган шахслар билан мулоқот қиладиган шахсларнинг анкета ва бошқа зарур маълумотларини текшириш, қораловчи маълумот олинганда давлат органлари ва бошқа ташкилот ходимларини ишдан четлатиш ҳақида тақдимнома киритиш. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни ушлаб туриш, қўриқланаётган шахс турган объектда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, заруратга қараб ҳудуддаги радиоалоқа тўлқинларини тўсиб қўйиш, қўриқланадиган шахс ҳаракат йўналишида пиёда ва транспорт ҳаракатини тўхтатиш ва бошқа кўплаб ҳуқуқларга эга.
Бундан ташқари, Президент давлат хавфсизлик хизмати қўриқланадиган шахсларнинг шаъни, ижтимоий-сиёсий фаолиятини обрўсизлантирувчи ахборотлар юзасидан прокуратура ва суд органларига ариза киритади.








