Жаҳон | 13:35 / 06.07.2021
19719
3 дақиқада ўқилади

Бабарико 2020 йилги сайловларда Лукашенконинг асосий рақиби сифатида кўрилганди. Энди у 14 йилга қамалди

Беларусь олий суди мамлакат президентлиги учун собиқ номзод ва банкир Виктор Бабарикони 14 йилга озодликдан маҳрум қилди ва катта жарима белгилади. У жазони кучайтирилган режимдаги колонияда ўтайди.

Фото: Рамиль Насибулин / BelTA / AP / Scanpix / LETA

Жарима - базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 минг бараварига тенг (145 минг беларусь рубли ёки 4,2 млн рус рубли). У беш йил муддатда раҳбарлик лавозимларида ишлаши ҳам тақиқланади.

Минскнинг Москва туманида ўтган судда Бабарико жуда катта миқдорда пора олиш, жиноий йўл билан пул ишлаш ва пул «ювиш»да айбланди.

Ҳукм Олий суд томонидан ўқилгани боис, апелляция киритиб бўлмайди.

Суд шунингдек «Белгазпромбанк иши» доирасида бошқа фигураларга ҳам коррупция ва пул ювиш жиноятлари бўйича ҳукм чиқарган.

Виктор Бабарико 2020 йил май ойида Беларусь президентлиги учун номзодини илгари сурганини эълон қилганди. Ўшанда у Лукашенкога асосий рақобатчи сифатида қаралаётганди. 2020 йил июнида эса Бабариконинг офисида ва уйида тинтув олиб борилиб, ўзи қамоққа олинади.

Айбловчи томон унга 15 йиллик қамоқ жазоси сўраганди.

Бабарико - коррупция ва пул ювиш бўйича айбловларни тан олмаган ягона айбланувчи бўлди. Қолган фигурантлар - Бабариконинг собиқ ходимлари - тергов билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган.

Бабарико ва унинг жамоаси 430 миллион долларни Латвия банкларига чиқариб юборишда айбланган ва бу айбловнинг асосий пунктидир.

Шунингдек, айбловда Бабарико ва ёрдамчилари 2004 йилдан буён доимий пора олиб келгани айтилган. Маҳаллий нашрларда 16 йил давомида Бабарико раҳбарлигидаги банкнинг топ-менежерлари умумий ҳисобда 11,8 миллион доллар пора олгани, Бабарико Минскда 394 минг долларга кўчмас мулк харид қилганда «пул ювгани» келтирилган.

Унинг собиқ ҳамкасбларига, тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлганларга прокурор 3 йилдан 6,5 йилгача қамоқ жазоси сўраган.

Amnesty International ташкилоти Бабарико ва «Белгазпромбанк иши» доирасидаги бошқа судланувчиларни «виждон маҳбуслари» дея тан олган.

Сайловда қатнашмаслиги учун қамоққа ташланганмиди?

Виктор Бабарико Беларусда ўзининг хайрия фаолияти билан ҳам танилганди. Унинг раҳбарлигида 20 йил давомида Белгазпромбанк бемор болалар даволаниши ва маданий соҳаларни қўллаб-қувватлаш учун каттагина маблағ ажратган.

2020 йил 12 майида Бабарико ўз номзодини Беларусь президентлиги учун қўяди. Мамлакатдаги мустақил нашрлар ўтказган сўровларга кўра, унинг биринчи турда ишончли ғалабага эришиши тахмин қилинади.

Беларусда расмий сўровлар фақат ҳукумат рухсати билан ўтказилиши мумкин, шу туфайли Лукашенконинг асосий мухолифининг имкониятлари бўйича расмий сўров ўтказилмаган.

18 июнга келиб Бабарико солиқлардан қочиш, пул ювиш ва порахўрликда айбланиб қўлга олинади.

Музокаралар чоғида собиқ банкирнинг адвокати Наталья Мацкевич суд жараёни чўзилишидан асосий мақсад - асосий рақибни сайлов жараёнидан четда олиб туриш бўлганини айтганди.

Ҳозирда Виктор Бабарико 57 ёшда. У 20 йил мобайнида бошқарган Белгазпромбанк Россиянинг Газпромбанки филиали ҳисобланади.

Мавзуга оид