2007 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистонда фуқароликка қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмаган, шу боис доимий истиқомат қилиб келган фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилмаган.
1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилгач, шу ерда туғилиб, тақдир тақозоси билан бошқа иттифоқдош республикаларга кетганлар қайтиб кела бошлади. Уларнинг аксари 1995 йилгача Ўзбекистонга кўчиб келди. Бироқ, уларнинг катта қисми йиллар давомида ватанларида ҳам фуқаролиги йўқ шахслар мақомида яшашларига тўғри келди.
2016 йилдан кейин қабул қилинган қатор ҳужжатлар ва президентнинг 100дан ортиқ фармонлари билан, ўтган салкам 5 йил давомида 60 мингга яқин киши фуқароликка қабул қилинди.
Энг асосий янгилик эса 2021 йил 14 июнда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилгани бўлди.
Қонуннинг бундан аввалги таҳрири қонун билан, 1995 йил 1 январгача Ўзбекистонга кўчиб келган шахсларга фуқаролик бериш назарда тутилган ва бунинг натижасида 50 мингга яқин фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилган эди. Янги ўзгартишга асосан эса, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга кўчиб келган, шунингдек, Ўзбекистонда узлуксиз 15 йил яшаётган шахслар Ўзбекистон фуқаролигига автоматик равишда қабул қилинадиган бўлди.
Kun.uz Учтепа туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида бўлиб, қонун ижроси билан танишди ҳамда Ўзбекистон фуқаролиги учун ҳужжат топширган шахслар билан суҳбатлашди.

«Оилавий шароитимиз туфайли собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистондан чиқиб кетган эдик. 1995 йилда ватанга қайтдим. Шу вақтга қадар фуқаролик ололмай келаётгандим. Яратганга шукр, президент фармони билан, ниҳоят, бизга фуқаролик беришмоқда. Ҳужжатларни топширамиз. Шунча йил яшаб, ишлаб келдик, афсуски, ҳатто Россияга фарзандимникига меҳмонга бора олмасдим», – дейди Феруза Панцхалова.
Эр-хотин Жамшид Имонбердиев ва Моҳира Турсунбоеваларнинг айтишича, улар Қозоғистоннинг Сўзоқ шаҳрида дунёга келишган. 1995 йилда, яъни 10 ва 3 ёшлигида Ўзбекистонга ота-оналари билан кўчиб келишган. Бироқ шу вақтга қадар Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшашга мажбур бўлишган.














