Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасида дарахтлар тегишли рухсатнома олинмасдан кесиб ташланган. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасида дарахтлар кесилаётгани ҳолати Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилган.
Ўрганиш давомида аниқланишича, жорий йил 24 июнь куни Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббиёт бирлашмаси ҳудудида қуриган ва юридик шахсларнинг мол-мулкига ва фуқароларнинг ҳаётига хавф солаётган 20 туп терак ва 1 туп чинор дарахтларини кесиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ариза йўлланган. Ариза 32840742-рақам билан электрон тарзда рўйхатга олинган.

Қайд этилишича, 2021 йил 25 июнь куни Шаҳрисабз шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси ходимлари томонидан мазкур ариза жойига бориб ўрганилган. Ўрганиш давомида, ҳар хил диаметрдаги 10 туп терак дарахти табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва турли хил касалликлар таъсирида зарарланиб, қуриб қолгани, қолган дарахтлар соғлом ҳолатда экани маълум бўлган.
2021 йил 28 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарори 29-бандига мувофиқ вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг №227-рақамли билан қуриган 10 туп теракни санитар мақсадда кесишга рухсат берилган. Қолган соғлом тераклар ҳамда чинорни кесишга рад этиш ҳақида хулоса берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2018 йил 31 мартдаги 255-сон қарори талабига асосан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг ижобий хулосаси олингандан кейин дарахт ва буталарни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун туман (шаҳар) хокимликлари рухсатнома расмийлаштириши белгиланган.

Ўрганиш давомида Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси санитар мақсадда кесишга ижобий хулоса берилган 10 туп теракни шаҳар ҳокимлиги рухсатномасини олмасдан кесиб ташлагани аниқланган.

















