Жаҳон | 00:08 / 08.07.2021
6480
2 дақиқада ўқилади

Доминиканага қарашли ҳарбий вертолёт Ҳаити билан чегарада фалокатга учради

Доминиканага қарашли ҳарбий вертолёт Ҳаити билан чегарадош Химани шаҳрига қўниш вақтида фалокатга учради. Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Вертолёт Ҳаити президенти Жовенел Моиз ўлдирилгандан кейин қўшни Доминикана мудофаа вазирлиги киритган “Гиббон” амалиёти доирасида чегарада кузатув олиб борган.

7 июлга ўтар кечаси Ҳаити президенти қароргоҳига номаълум шахслар ҳужум уюштирган. Унинг оқибатида президент Моиз ҳалок бўлган, унинг рафиқаси Мартин Моиз жароҳат олган. Кейинроқ Ҳаити биринчи хоними олинган жароҳатлардан шифохонада вафот этгани маълум қилинган. Бироқ кўп ўтмай Ҳаитининг Доминиканадаги элчихонаси бу ахборотни рад этган ва Моиз хонимнинг аҳволи “барқарорлигини” маълум қилган.

Кейинроқ Ҳаитининг АҚШдаги элчиси Эдмон Бокши Мартин Моиз оғир аҳволда Майамига эвакуация қилинишини хабар қилган.

Ҳаити бош вазири лавозимини бажараётган Клод Жозеф БМТни Моизнинг ўлдирилиши юзасидан Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишга ва қотилликни тергов қилишга чақирган.

Ўз навбатида, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш президент ўлдирилгандан кейин Ҳаити аҳолисини тартибни сақлашга ва зўравонлик ҳаракатлари содир этмасликка чақирган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид