Ўзбекистон | 12:02 / 09.07.2021
1825
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида ноқонуний олиб кетилаётган 15 тонна селитра тўхтатиб қолинди

Сирдарё вилоятидан ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилаётган 15 тонна селитра тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 7 июль куни Сирдарё вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари ҳамда ЙҲҲБ масъул ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, вилоятдан ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилаётган 15 тонна селитра тўхтатиб қолинган.

 Сирдарё-Жиззах йўналишида ҳаракатланиб келаётган, фуқаро Д.М. бошқарувида бўлган «ЗИЛ-138А» русумли юк машинаси ва унинг ярим тиркамаси Янгиер блок постида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳар бирида 150 қопдан, жами 300 қоп «Аммиакли селитра» минерал ўғитлари борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур 15 тонна минерал ўғитни ноқонуний равишда вилоят ҳудудидан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилгани аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинган.

Дастлабки суриштирувда ушбу аммиакли селитра минерал ўғитлари Сирдарё вилояти ҳудудида етиштирилаётган пахта ҳосилини озиқлантириш учун ажратилгани аниқланган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Д.М.га нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид