Бизнес билан шуғулланиши қатъиян тақиқланадиган давлат мансабдорлари рўйхатини белгилаш ҳақидаги банд коррупцияга қарши курашишга оид президент қароридан чиқарилган эди. Адлия вазири Русланбек Давлетов бу борада изоҳ бериб, вазирлик “амалдорларга тадбиркорлик қилиш тақиқланиши керак” деган позицияда эканини билдирди.
“Бу мавзуда Kun.uz мақола берди. Шу мақолани бераётганда шуни сўрашларингиз керак эди. Мақолани бердингизлар, натижада ҳамма ўйладики: “Фармоннинг энг муҳим жиҳатлари чиқиб кетди, қайтарилмайди”, деган нотўғри маъно тарқалди.
Муҳокамага қўйилган бандда шундай ёзилганди: “Адлия вазирлиги Бош прокуратура ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимларининг рўйхатини белгилаш бўйича таклифларни киритсин”.
Шу банддаги “аниқ рўйхат” дегани ўрнига “давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этганлигининг ҳуқуқий оқибатларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси”га алмаштирилди. Яъни бу масала очиқ қоляпти, деган маъно келиб чиқмаяпти”, – деди вазир 9 июл куни матбуот анжуманида.

Давлат хизматчиларига тадбиркорлик қилиш ҳозир ҳам тақиқланган
Давлетовнинг тушунтиришича, давлат хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқлангани амалдаги қонунчиликда акс этган.
Адлия вазири ҳукуматнинг иккита қарори ҳақида тўхталди.
Жумладан, 2016 йил март ойида ҳукумат қарори билан “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” тасдиқланган.
Қоидаларнинг 15-бандига кўра, давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади. Давлат хизматчилари манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида ўз раҳбарини хабардор қилиши шарт.







